Мирзо Улуғбекнинг ҳаёт йўли ва илмий фаолияти Покистоннинг етакчи нашрида эътироф этилди

Сақлаш
16:42 / 19.08.2021 988 0

Покистонда чоп этиладиган етакчи «The National Herald Tribune»  газетасида «Улуғбек — юлдузлар ҳукмдори, Самарқанд фарзанди» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Бу ҳақда “Дунё” AA хабар бермоқда.

Мақолада темурийзода олим Улуғбек ўзининг астрономия ва математикадаги ноёб зеҳнияти ва ихтирочилик муваффақиятлари билан жаҳонда донг таратгани билан боғлиқ тарихий маълумотлар қаламга олинган.

— Улуғбекнинг отаси Шоҳруҳ Aмир Темурнинг тўртинчи ўғли бўлган, у 1407 йили Самарқандда назоратни қайта тиклаб, салтанатнинг катта қисми, жумладан, Эрон ва Туркистон устидан ҳукмронлик қилган. Улуғбек илм-фан ва санъатга меҳр қўйган эди. У мусиқачи, шоир, файласуф, ҳофиз ва моҳир овчи ҳам бўлгани баробарида астрономия ва математика бўйича нодир иқтидор эгаси эди. 1417 йили астрономия илмларини илгари суриш мақсадида Улуғбек мадраса қуришни бошлади. У ўз даврининг олий таълим маркази бўлган. Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган мазкур мадрасанинг қурилиши 1420 йили ниҳоясига етган. Улуғбек ўз даврининг энг илғор олимларини ўқитувчи вазифаларига тайинлаган. У, шунингдек, Самарқанд ҳудудидан ташқарида тахминан 30 метр баландликда жойлашган тепаликда ўзининг расадхонасини ҳам яратган. Ушбу иншоот модерн давригача бўлган энг катта расадхоналардан бири  бўлиб, жуда чиройли, мармарлар билан безатилган эди, — деб ёзади газета.

Мақолада Мирзо Улуғбек коинотшуносликда фойдаланган ноёб асбоб-ускуналар, қуёш, сайёра ва юлдузларни кузатиш борасида кашф этган ихтиролар ҳақидаги атрофлича маълумотлар ўз ифодасини топгани баробарида у XV асрнинг энг муҳим астрономи бўлгани ҳақли равишда эътироф этилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//