Тарихда илк бор ўзбекистонлик қиз нуфузли Sanremo Junior кўрик танловининг Гран-при мукофотига сазовор бўлди

Сақлаш
11:08 / 01.04.2025 28 0

Ўзбекистон тарихида илк бор Ясмина Хусниддинова Италиядаги нуфузли Sanremo Junior кўрик танловида Gran-pri соҳибасига айланди. Бу ҳақда хонанда Диджей Пилигрим ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида хабар берди.

 

Sanremo Junior-2025 халқаро болалар қўшиқлари танлови 26 март куни Италиядаги машҳур Аристон театрида бўлиб ўтди. Ушбу беллашувда 25 мамлакатдан 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган яккахон ёш истеъдодлар 32 кишилик оркестр ҳамроҳлигида жонли ижрода баҳслашган. Танлов натижалари 30 март куни эълон қилинган. 

 

Ясмина Хусниддинова халқаро танловга қандай етиб борган?

 

Ясмина Хусниддинова "Овоз" болалар шоусининг 1-мавсумида Диджей Пилигрим бошчилигидаги жамоада финалгача етиб келиб, мухлислар овози билан 3-ўринни эгаллаган. Таъкидланишича, мазкур мавсум иштирокчиларининг барчасининг рўйхати Италиядаги халқаро танлов учун юборилган. Бироқ саралаш жараёнида фақатгина Ясмина Хусниддинова танлаб олинган.

 

26 март куни  финал баҳслари олдидан Ясминани қўллаб-қувватлаш учун Италияга унинг "Овоз" лойиҳасидаги устози Диджей Пилигрим тахаллуси билан ижод қилувчи Илҳом Йўлчиев ҳам етиб келади. Жарангдор овоз билан саҳнадаги маҳоратни уйғунлаштирган Ясмина Sanremo Junior-2025 халқаро танловининг олий мукофоти - Гран-при соҳибасига айланди. Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган Ясмина дунё мусиқа ихлосмандларини ларзага солади. Тақдирлаш маросимидан кейин танловда Ясминага мухлислик қилганлар у ва устози билан эсдалик суратларини кадрларга муҳрлаш учун узун навбатлар ҳосил қилган.

 

Диджей Пилигрим ўқувчиси рақобатсиз ғолибликка эришганини айтди:

 

"Мадинахон, молодец! Ясминахон, молодец! Мадина бизнинг Ясминочканинг ўқитувчиси. У туфайли биз шундай натижага эришдик. Олға, янги Ўзбекистон! Ясмина рақобатсиз ютди! Мана бу инсон, президент Пауло Альберто рақобатсиз ғолиб бўлди, дедилар ва Ясминадан саҳнада яна бир бор куйлаб беришини сўрадилар" - дейди Илҳом Йўлчиев.

 

Бошқа манбаларда бўлса, Ясмина иккинчи ўринни олган рақибидан 1 балл устунлик билан биринчи ўринни эгаллагани қайд этилиб, кураш осон кечмагани таъкидланади.

 

Ўзбекистонликлар Ясминани кўтаринки кайфиятда кутиб олди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//