Избоскандаги масжид ҳудудида рўй берган ҳолат бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди

Сақлаш
09:28 / 01.04.2025 31 0

Фото: ФВВ

 

Кеча, 31 март куни Андижон вилоятининг Избоскан туманига қарашли «Мирзо Улуғбек» МФЙда жойлашган масжидлардан бирида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Бу бўйича ўша куни, соат 12:19 да Андижон вилояти ФВБга хабар келиб тушган.

 

Хабарга асоссан, вилоят ФВБ раҳбарияти ва масъуллар ҳодиса жойига етиб борган ва вазият тўлиқ назоратга олинган.

 

Дастлабки берилган маълумотда жароҳат олганлар 6 нафарни ташкил этиши айтилган эди. Бироқ кейинги тарқалган хабарга кўра, жабрланганлар сони 13 нафар бўлгани айтилади.

 

Шулардан 3 нафари (фуқаро М.Абдуллаев, Ж.Анваров ва Б.Бурхонов) ҳалок бўлган. 10 нафар фуқаро (Ғ.Тойлоқов, А.Абдирайимжонов, Ҳ.Зухриддинов, И.Рахимов, М.Маматураимов, И.Шомуродов, К.Қосимов, У.Болтабоев, М.Абдурахмонов ва М.Болтабоев) тан-жароҳати олиб, шифохонага юборилган.

 

ФВВнинг маълум қилишича, айтилган манзилга зудлик билан 2 та қутқарув отряди ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Ҳодиса натижасида таҳоратхона девор ва том конструкцияларига зарар етган, ёнғин содир бўлмаган.

 

Воқеа жойига вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ, МГ, ССБ, прокуратура ва «Ҳудудгазтаъминот», туман ФВДқТ хизматлари куч, воситалари етиб бориб, ҳодиса оқибатлари бартараф этилган.

 

«Ҳодиса содир бўлганлиги хабар қилинганида водийда бўлиб турган Бош вазир ўринбосари О.Раматов ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири генерал майор Б.Қудратхўжаев Избоскан туманига етиб борган», дейилади хабарда.

 

Бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятовнинг хабар беришича, Вазирлар Маҳкамаси Избоскан туманидаги масжид ҳудудида рўй берган бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда жабрланган фуқароларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, шунингдек, бу каби фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида тегишли фармойиш қабул қилган.

 

Фармойиш билан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//