Бугун Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараларни делимитация қилиш жараёни якунланади

Сақлаш
11:43 / 31.03.2025 41 0

Бугун, 31 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан уч томонлама учрашуви бўлиб ўтади.

 

Шу сабабли ҳам давлат раҳбари Хўжанд шаҳри(Тожикистон)га амалий ташриф билан борди. Шавкат Мирзиёевни аэропортда Эмомали Раҳмон кутиб олди.

 

 

 

Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи шарафига давлат байроқлари кўтарилди. Миллий куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди.

 

Шундан сўнг икки давлат раҳбари учрашув ўтказди. Унда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

 

 

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари муборак Рамазон ҳайити билан бир-бирларини ва биродар халқларимизни самимий табрикладилар.

 

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

 

Ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилишида амалий ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни тезлаштириш чоралари ишлаб чиқилиши муҳим экани таъкидланди.

 

«Дунё» ААнинг хабар беришича, бугун бўлиб ўтадиган уч давлат президентларининг учрашуви мазкур мамлакатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация қилиш жараёни якунланганини билдиради. Шу муносабат билан уч қўшни республиканинг давлат чегаралари туташган жойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик тимсолига айланадиган «Дўстлик стелласи» ўрнатилиши кутилмоқда.

 

Маълумот учун, давлат чегаралари Фарғона вилояти (Ўзбекистон) Ўзбекистон тумани, Боткен вилоятининг Боткен тумани (Қирғизистон) ва Сўғд вилоятининг Исфара туманига (Тожикистон) туташган нуқтада жойлашган.

 

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегараларини туташтириш бўйича уч томонлама музокаралар 2007 йилда бошланган эди.

 

2024 йил 25 декабрда Санкт-Петербург шаҳрида эришилган олий даражадаги келишувларни инобатга олган ҳолда, 2025 йил 8 январда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат раҳбарларининг учрашуви таклиф этилган уч давлат чегараси туташган ҳудудда бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон томонининг чегаралар туташган жойида стелла ўрнатиш бўйича таклифи ва унинг эскизининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу ташаббус барча тарафлар томонидан қўллаб-қувватланди.

 

«Бўлажак тадбир, шубҳасиз, Марказий Осиё тарихида муҳим воқеа сифатида киради, чунки минтақа давлатлари мустақилликка эришганидан бери давлатчиликнинг асосий белгиси ва мамлакат суверенитети билан бевосита боғлиқ бўлган чегаралар масаласи ҳал этилмай қолаётган эди», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//