Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида жазо муддатини ўтаётган 488 нафар шахс афв этилди

Сақлаш
10:03 / 29.03.2025 29 0

Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Президент фармонни имзоланди.

 

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 488 нафар шахс афв этилди.

 

Афв этилган шахсларнинг 100 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган бўлса, 268 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

 

Яна 34 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган. Шунингдек, 86 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.

 

Шарҳда ёзилишича, афв этилганларнинг 17 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёл, 37 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 167 нафарини ёшлар (шулардан, 1 нафари вояга етмаган) ҳамда 5 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

 

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//