1 апрелдан нималар ўзгаради?

Сақлаш
13:28 / 28.03.2025 59 0

Барча фармацевтика ва тиббий хизмат кўрсатувчи компаниялар ҚҚС тўловчисига айланади

Даромадидан қатъий назар, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар ҚҚС тўловчиси бўлади.

 

Бунда солиқ органлари Онлайн-НКТ, ЭҲФ ва бошқа ташқи ва ички маълумотлар асосида ҚҚС ҳисоботларини автоматик тарзда шакллантиради.

 

Чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан бюджетга тўланган ҚҚСнинг 50 фоизи қайтарилади

Президент қарори билан:

2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан бюджетга тўланган ҚҚСнинг 50%и ҳар ойнинг 25-санасига қадар қайтарилади.

 

Шарт – ишлаб чиқарилган гўшт, сут, парранда гўшти ва тухумни реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олган даромадининг камида 90%ини ташкил этиши керак.

 

Айрим ҳуқуқбузарликлар учун биринчи марта огоҳлантириш берилади

Солиқ органлари ходимлари томонидан ўзларига бириктирилган корхоналарда ёки маҳаллалардаги тадбиркорлик субъектларида солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, биринчи марта огоҳлантириш берилади.

 

Огоҳлантиришдан кейин уч кун ичида солиққа оид ҳуқуқбузарлик бартараф этилмаганлиги ёки такроран аниқланганлиги сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўлади.

 

Кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати Республика бўйлаб жорий этилади

1 апрелдан кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати Республиканинг барча ҳудудларида жорий этилиши режалаштирилган.

 

Хизматнинг аҳамияти: Ўзгалар парваришига муҳтож, ўзи ҳаракатлана олмайдиган, кун давомида ҳаётий зарур эҳтиёжларини қила олмайдиган шахсларга қараб бериш орқали, ушбу шахсга қараб туриш билан банд бўлиб қолган меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини ишлаш имкониятини яратиш. Бунда оилани фаровонлик даражасини оширишга кўмаклашилади.

 

«Иқтидор» бадиий ҳаваскорлик жамоалари ташкил этилади.

«Турон» мактаб театрининг ижобий тажрибаси асосида умумий ўрта таълим мактабларида «Иқтидор» бадиий ҳаваскорлик жамоалари ташкил этилади.

 

Шунингдек, жамоалар ўртасида ҳар йили миллий ва жаҳон мусиқаси йўналишлари бўйича «Иқтидор мактаб ансамбли» республика танлови ўтказилади.

 

Танловнинг республика босқичи ғолиблари хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади.

 

Мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ходимлар рағбатлантирилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, унинг тизимидаги агентлик ҳамда марказлар, Қорақалпоғистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ходимларига:

1 йилдан 3 йилгача — 0,3;

3 йилдан 5 йилгача — 0,6;

5 йилдан 10 йилгача — 0,8;

10 йилдан 15 йилгача — 1,0;

15 йилдан 20 йилгача — 1,2;

20 йилдан юқори — 1,5.

Шунингдек, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ходимларига:

1 йилдан 3 йилгача — 0,15;

3 йилдан 5 йилгача — 0,3;

5 йилдан 10 йилгача — 0,45;

10 йилдан 15 йилгача — 0,6;

15 йилдан 20 йилгача — 0,75;

20 йилдан юқори — 1,0 коэффициентларда ҳар ой устамалар тўланади.

 

Айрим қўллаб-қувватлаш чоралари «Ижтимоий карта» ахборот тизимидан тақдим этилади

Қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари «Ижтимоий карта» ахборот тизимидан тақдим этилади:

🔷шахснинг ногиронлигини, талаба, ўқувчи, уруш қатнашчиси ёки уруш қатнашчисига тенглаштирилган шахс ҳолатини тасдиқлаш.

 

🔷ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун умумий фойдаланишдаги автомобиль, темир йўл, ҳаво ва дарё транспорти, йўналишсиз такси хизматларидан фойдаланиш бўйича имтиёзлар, шунингдек ушбу хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бошқа тоифалари учун имтиёзлар;

 

🔷кириш билет операциялари тизими асосида тартибга солинадиган давлат ижтимоий объектларига, концерт-томоша тадбирлари ва бошқа тадбирларга бепул ташриф буюриш ёки қисман ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар.

 

Ижтимоий ёрдамларни кўрсатиш тартиби ўзгаради

«Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга берилади.

 

Шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар эса – ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилади.

 

Айрим ўқувчиларга транспорт харажатлари тўлаб берилади

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ва таянч ҳаракатида муаммолари бўлган болалар учун ижтимоий соҳа объектлари, таълим муассасаларига бориб келишларига қулайликлар яратиш мақсадида ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизмати лойиҳаси ишга туширилади.

 

Ушбу хизматни 2025 йил 1 апрелдан Тошкент, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида пилот лойиҳа сифатида, 2025 йилнинг якунига қадар эса республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.

 

Ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизматларидан фойдаланиш учун умумий сумма ҳар бир таълим олувчига ойига БҲМнинг 1,2 бараваридан (450 минг сўмдан) ошмайди.

 

Жиноят процесси иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлашга оид Ҳукумат қарори кучга киради

Бунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган этиб белгиланган.

 

Қуйидагилар ҳимоя қилинувчи шахсга жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллашга асос бўлади:

➖ҳалок бўлганлиги (вафот этганлиги);

➖унга ногиронликни келтириб чиқарувчи тан жароҳати етказилганлиги ёки соғлиғига бошқача зиён етказилганлиги;

➖унга ногиронликни келтириб чиқармайдиган тан жароҳати етказилганлиги ёки соғлиғига бошқача зиён етказилганлиги;

➖мулкий зарар етказилганлиги.

 

«Инвестор кун»лари ташкил этилади

2025 йил 1 апрелдан ҳар ойда 1 та ҳудудда «инвестор кун»лари ташкил этилади ҳамда ҳудуддаги ОТМлар билан ҳамкорлик дастурлари йўлга қўйилади.

 

Ногиронлиги бўлган ёшларнинг параспорт тўгаракларига қатнашиши моддий қўллаб-қувватланади

Бунда ногиронлиги бўлган ёшларга параспорт тўгаракларига қатнашиши учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 1 бараваригача (375 минг сўм) миқдорда йўл ҳақи харажатлари қоплаб берилади.

 

Ичимлик сув фильтрларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратилади

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам ўрнига ушбу ҳудудларда яшовчи Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга уй-жойида артезиан қудуқ қазиш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик сув фильтрларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби жорий этилади.

 

Ижтимоий карта билан жамоат транспортларида тўлов қилиш мумкин бўлади

Ижтимоий карта 2025 йилнинг 1 апрелидан бошлаб транспорт картаси ва имтиёзли транспорт картаси функцияларини ҳам бажаради. Яъни жамоат транспортида имтиёзли ёки бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, белгиланган имтиёзли ёки бепул тарифдан фойдаланган ҳолда, имтиёзга эга бўлмаган шахслар умумбелгиланган транспорт тарифларида транспортдан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//