
Жамият
Кеча, 27 март куни Президент иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди.
Хабарга кўра, ёшларни тўғри йўналтириб, дунёдаги энг илғор университетларда ўқишига кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойидан мамлакатда халқаро мактаб фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Бунга дастлаб 8-синф битирувчилари орасидан энг иқтидорли 60 нафар ўғил-қиз саралаб олинади. Таълим дастури халқаро андоза асосида 3 қисмдан — асосий фанлар, ихтисослик фанлари, етакчилик ва ижтимоий фаолликни ўргатувчи фанлардан иборат бўлади. Ўқув йили 3 даврга бўлиниб, 11 ой давом этади.
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг яна бир ташаббусига мувофиқ, эндиликда ёшларни Американинг «Печак лигаси» (Тҳе Ивй Леагуэ) университетларига тайёрлаш йўлга қўйилади.
Бунинг учун эса 6 босқичли Миллий дастур қабул қилинади.
Бу йил дастлаб 3 минг нафар ўқувчи саралаб олинади. Уларга Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи бириктирилади.
Ўқувчилар Ренессанс оромгоҳида йил давомида 3 ҳафталик интенсив ўқув курсларда ўқитилади. Яхши натижа кўрсатган 40 нафари «Печак лигаси» университетларига тажриба алмашиш учун юборилади.
Тақдимотда чет элда ўқиган ёшларни ватанимизда ўз соҳаси бўйича муносиб иш билан таъминлаш масаласига тўхталиб ўтилди.
Бу масалани ҳал этишда ҳозирда иқтидорли ёшларни ягона платформада бирлаштирадиган «Мамлакат олтин фонди ҳамжамияти»ни тузиш таклиф этилмоқда.
У орқали хорижда таълим олиб қайтганлар учун имтиёзлар, грантлар, стартап дастурлари ва бошқа имкониятлар яратилади.
Шунингдек, ҳар йилнинг 25 май санасида ҳамжамият қурултойи ўтказилиб, унда таълим ислоҳотлари, иқтидорли ёшлар учун яратилган имкониятлар, чет эл олийгоҳлари тажрибаси каби мавзуларда мулоқот йўлга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев бу таклифларни маъқуллаб, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни тизимли йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, бугунги кунда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали 750 нафар ватандошимиз хорижда таҳсил олмоқда.
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ