Тошкентдан Самарқанд ва Андижонга элтувчи муқобил йўллар қурилади

Сақлаш
09:09 / 27.03.2025 35 0

 

Президент Шавкат Мирзиёевга автомобиль йўллари қуриш лойиҳаларининг бориши тўғрисида ахборот берилди.

 

Қайд қилинишича, мамлакатда 184 минг километрдан зиёд автомобиль йўли бор. Таҳлилларга кўра, халқаро аҳамиятга эга йўлларнинг 25 фоизи катта юкламада ишлаяпти. Масалан, кунига 32 минг автомобилга мўлжалланган «Тошкент – Самарқанд» йўлида 45 мингта транспорт қатнаяпти. Тирбандлик сабабли баъзан бунга 6 соатгача вақт кетяпти. 2030 йилга бориб ҳаракат жадаллиги 80 мингдан ошиши мумкин.

 

Маълум қилинишича, Тошкентдан Самарқандга ва Андижонга элтувчи муқобил йўллар қуриш устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки иштирокида «Тошкент – Андижон» йўли лойиҳалаштирилади. Январда уни қуриш бўйича халқаро тендер эълон қилинди. Таъкидланишича, қисқа вақтда унга 30 дан ортиқ нуфузли хорижий компаниялар қизиқиш билдирган.

 

Умумий узунлиги 314 километр бўлган ушбу тезюрар магистраль фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкент билан Андижон орасидаги қатнов вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқариши кутиляпти. Шунингдек, бу ялпи ички маҳсулотни 2,6 фоизга ошириб, автоҳалокатларни 40 фоизга камайтириш имконини беради.

 

Яна бир лойиҳа Тошкент билан Самарқандни боғловчи қўшимча йўл қуришга қаратилган. Хорижий мутахассислар иштирокида унинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилган. Янги йўлнинг узунлиги 300 километр атрофида бўлади. Унинг қурилиши натижасида Тошкент билан Самарқанд ўртасида қатнов вақти 4,5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Ҳозирги мавжуд йўлда тирбандлик анча камаяди.

 

Таъкидланишича, бу янги йўллар барча замонавий талабларга жавоб берадиган, муқобил ва қулай бўлади. Уларда ҳайдовчи ва йўловчилар учун турли пуллик хизматлар йўлга қўйилади. Қурилиш жараёнида маҳаллий қурилиш корхоналари ҳам қатнашиши мумкин бўлади.

 

Транспорт вазири мазкур лойиҳалар ҳолати бўйича тақдимот қилди. Геодезия ишларини жадаллаштириб, йўллар ҳудудини тайёрлаш, қурилишга маблағ ва пудратчиларни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//