
Илм-фан
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан «Замонавий тарғибот технологиялари ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари» мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Конференция ишида профессор-ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассислар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, докторантлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Конференция аввалида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов сўзга чиқиб, инсон онги билан ишлашда замонавий технологиялардан оқилона фойдаланиш, бугуннинг долзарб масалаларига таъсирчан контентлар яратиш, таълим муассасалари, жумладан мактабларда ахлоқ, тарбия, қадрият тушунчаларини янада кенгроқ ўргатиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда зиёлиларнинг ўрни муҳимлиги, уларнинг овози фақат илмий анжуманлар, конференцияларда эмас, ҳамма жойда янграши кераклиги, шунингдек, Марказ фаолиятида тарғибот масалалари, лойиҳалар офиси фаолияти хусусида тўхталиб ўтди..
Мазкур илмий-амалий анжуман бугунги ижтимоий-маънавий муҳит ва тарғибот технологиялари, маънавият соҳасига оид илмий тадқиқотларни таҳлил қилиш: муаммо ва ечимлар, жамият бирдамлигини таъминлайдиган омиллар таҳлили, халқпарвар давлат барпо этишда ижтимоий фаол фуқаронинг ролини ошириш вазифалари, тараққиётга олиб борувчи устувор қадриятларни аҳоли онгига сингдириш масалалари каби илмий муаммолар таҳлилига бағишланди. Конференцияда ёшларда маънавий иммунитетни шакллантиришга эришишнинг илмий-технологик асослари, замонавий тарғибот технологияларининг таъсирчан шаклларининг бугунги кундаги аҳамияти миллий ва маънавий муҳит билан боғланган тарзда муҳокама этилди. Конференция шўбалари ушбу илмий муаммоларга алоқадор беш йўналишда танланган.
Анжуманнинг мунозаралар қисми қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Абдухалил Маврулов, тарих фанлари доктори, профессор:
– Биз уч минг йиллик тарихимизда нимага эришган бўлсак, миллий бирлигимиз натижасида эришганмиз. Нимаики йўқотган бўлсак, миллий бирлик йўқлиги боис йўқотганмиз. Сўнгги пайтда инсонларда истеъмолчилик кайфияти кучайиб кетди: ҳам моддий, ҳам маънавий.
Маълумки, маънавиятни ҳам, маданиятни ҳам ижтимоий функциялари бор. Булар нимага хизмат қиляпти? Ўз таҳлилим бўйича айтадиган бўлсам, маданиятнинг асосий функцияси кўнгилочарлик бўлиб қоляпти. Маънавиятни ижтимоий функцияси эса ваъзхонлик бўлиб қоляпти. Бу ҳолат яхши томонга ўзгариб бориш йўлида кетаётганлиги барчамизни қувонтиряпти ва кўпчилик бунга ўз фикр-мулоҳазасини билдиряпти. Аслида, маънавият ва маданиятнинг уч асосий функцияси бўлиши керак. Биринчиси, сафарбарлик функцияси. Бунда инсон ўзини-ўзи сафарбар этишдан бошланади. Иккинчиси, яратувчанлик функцияси. Учинчиси, ижтимоийлаштириш функцияси. Ижтимоийлашган инсон жамият ичида яшай олади. Индивидуал шахс бўлиш билан бирга жамият аъзоси эканлигимиз эсимиздан чиқади, баъзида. Буларнинг барчасида бирлашиш муҳим аҳамиятга эга.
Олимжон Ўсаров, Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси:
– Бугун жамиятимизнинг олдида турган душман ким, у қандай қиёфада? Ғоявий жангчи деяпмиз. Ғоявий жангчи ўз душмани сийратини, сиймосини кўра оляптими? Энг аввало мана шу саволга жавоб топишимиз муҳим. Ғоявий жангчининг душмани бугун икки хил кўринишда: ички ва ташқи душман. Ички душман бу жудаям хавфли, барча мағлубиятларимизнинг асоси. Айнан ички душманнинг ҳам икки кўриниши бор: нафс ва қўрқув. Ташқи душман ҳам иккига бўлинади: интернет ва ижтимоий тармоқлардаги маънавий таҳдидлар ҳамда юртимиз тинчлиги ва осойишталигига кўз тикиб турган кучлар.
Статистик маълумотларга эътибор қаратсак. Айни кунларда юртимизда интенетдан фойдаланувчилар сони 30 миллиондан ортиқ. Шундан 85 фоизи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари. Бунда ёшларнинг иштироки юқорилигини инобатга олсак, айнан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда замонавий тарғибот технологияларидан фойдаланишни самарали йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
Илёс Исломов, тарих фанлари доктори, профессор:
– Оммавий ахборот воситалари оммавий қирғин қуролларидан хавфлироқ, деган фикр бор. Интернетда бирор қизиқ маълумот тарқалса бир кунда беш юз минг, 1 миллионга яқин кўриляпти. Бунда тарғибот технологиясининг имконияти яққол намоён бўлади. 2025 йил январь ҳолатига кўра, дунёда 5 миллиард 560 миллион аҳоли интернетдан фойдаланмоқда. Бу – дунё аҳолисини 60 фоизини ташкил қилади. Бугун ахборотни олиш, сақлаш ва қайта ишлаш масаласида интернет замон ва макон тушунчасини йўқотди. Тарғибот технологиялари ҳам ўзгарди. Кейинги йилларда ижтимоий соҳаларда технологиялардан ҳам кенг фойдаланила бошланди. Технология – натижани қўлга киритишнинг усул ва услуби. Аввал технология деганда техника тушунилган бўлса, бугун мақсадга йўналтирилган, қоида, тартиб тариқасида синалган, бир неча марта қўлланилган усуллар тушунилади. Бунда кадрлар ва рақобат масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ