"Имом Бухорий мажмуаси зиёрат билан бирга маърифат, тарбия, ибрат ўчоғи бўлсин" – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
15:56 / 22.03.2025 41 0

Президент Шавкат Мирзиёев 22 март куни Самарқандга ташриф буюриб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

 

Ташриф давомида махкур мажмуа Имом Бухорий бобомизга муносиб тарзда қурилаётгани таъкидланди.

 

"У зиёрат билан бирга маърифат, тарбия, ибрат ўчоғи бўлсин" – дейди Шавкат Мирзиёев мажмуа ҳақида.

 

Бутун ислом оламида эъзозли бўлган ушбу маскан шароитларини кўп минг сонли зиёратчиларга хос қилиб кенгайтириш мақсадида Президент ташаббуси билан у ерда янги мажмуа барпо этилмоқда.

 

Қайд этилишича, мажмуанинг умумий майдонли 44 гектар. Бугунги кунда маҳобатли мақбара, 10 минг кишига мўлжалланган масжид қуриб битказилган. Баландлиги 75 метрлик 4 та минора мажмуага улуғворлик бағишлаган. Шунингдек, музей, айвонлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилган. 

 

Айни пайтда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунда миллий анъаналар ва иссиқ ранглардан фойдаланилмоқда. Пештоқлар ва айвон деворларига “Саҳиҳи Бухорий”дан ҳадислар битилади.

 

Бундан ташқари, ҳудудда икки минг ўринли йигирмадан ортиқ меҳмонхона, хиёбонлар, тўртта таҳоратхона барпо этилади.

 

Бу йил юртимизда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади. Шу ҳақдаги Президент қарорида калом илми султонининг Самарқанд шаҳридаги мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш белгиланган.

 

Ташриф чоғида Президентимизга ушбу лойиҳа тақдимот қилинди. Қайд этилганидек, Мотуридий мажмуасида 1 минг 500 кишига мўлжалланган жоме масжид, маъмурий бино қурилиши кўзда тутилган. У ерда кутубхона, мажлислар зали, инновацион музей ҳамда мутахассислар учун хоналар бўлади. Мажмуа яқинида зиёратчилар учун автотураргоҳ, таҳоратхона қурилади. 

 

Имом Абу Мансур Мотуридий ислом оламида ихтилофлар авж олиб, ҳар хил фирқалар кўпайган пайтда яшаган, бутун ҳаётини исломий ақийдани ҳимоя қилиш ва маърифатини ёйишга бағишлаган. У зотнинг мотуридийлик таълимоти, “Таъвилотул Қуръон”, “Китоб ат-Тавҳид” каби асарлари бағрикенглик ва мўътадиллик тамойиллари билан аҳли сунна вал-жамоанинг маънавий асосларига айланган.

 

Давлат раҳбари бу тамойиллар бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб бораётганини таъкидлаб, аллома бобомизнинг меросини янада кенг ўрганиш ва жаҳонга тарғиб этиш, мажмуага келувчиларга шароитларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Бундан ташқари, Оқдарё туманидаги Маҳдуми Аъзам қадамжоси ҳам обод қилинади. Асли ҳозирги Косонсой туманида туғилган сўфий олим нақшбандия таълимотининг раҳнамоларидани бири бўлган. Илм ва дин йўлидаги узоқ сафардан сўнг, Самарқанд вилоятида абадий қўним топган.
 

Бу масканга келувчи зиёратчилар ҳам кўп. Уларга шароитларни яхшилаш мақсадида Маҳдуми Аъзам мақбараси ёнида уч қаватли автотураргоҳ, таҳоратхона қурилиши режалаштирилмоқда.

 

Самарқанд заминидан етишиб чиққан бошқа олим ва мутафаккирлар, азиз авлиёларнинг қадамжолари ҳам босқичма-босқич таъмирланиб, обод қилинади. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//