Буюк ипак йўли метросидан Тошкент трактор заводигача 10 та бекат қурилади.

Сақлаш
14:47 / 20.03.2025 15 0

Президент Шавкат Мирзиёев 20 март куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.

 

Тошкентнинг Юнусобод туманида барпо этилган «Ҳигҳ Тоwн Cитй» мажмуаси кенг қамровли бўлиб, савдо ва кўнгилочар маркази, бизнес маркази, меҳмонхона ва замонавий турар жойларни ўз ичига олган. Ушбу мажмуага 510 миллион доллар тўлиқ хорижий инвестиция йўналтирилган.

 

Давлат раҳбари савдо марказидаги замонавий тижорат ва хизмат турларини кўздан кечирди. 4 қаватли бинода савдо дўконлари, жумладан, машҳур брендларнинг шохобчалари очилган. Ресторан ва кафелар, кўнгилочар ўйингоҳлар, спорт майдонлари, кинотеатрлар эл хизматида.

 

Мажмуа бир кунда 5 минг кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Унда 1 минг 500 киши иш билан таъминланди.

 

Савдо марказида шинам китоб дўкони ҳам очилган. Шавкат Мирзиёев бу ташаббусни олқишлаб, метро бекатлари, кутиш жойларида ҳам мўъжаз китоб дўконлари ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини айтди.

 

Давлат раҳбари ўйин майдончасидаги болажонларни кўриб, самимий меҳр-эътиборини изҳор этди. Бугунги барча саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз келажаги учун қилинаётгани, бунинг учун болалар яхши ўқиб, ақлий ва ижодий салоҳиятини ривожлантириб бориши кераклигини таъкидлади.

 

Яқинда 24 қаватли, беш юлдузли меҳмонхона ҳам барпо этилиши режалаштирилган. Унда 250 та хона бўлиб, бир вақтнинг ўзида 430 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

 

Президентга шу ерда қуриладиган замонавий уй-жойлар лойиҳаси тақдимот қилинди. Унга кўра, 1 минг 500 та хонадондан иборат 28 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Мажмуа ҳовлиси автомобиллар учун ёпиқ ва яшил ҳудуд бўлади. Болалар боғчаси, ўйин майдончаси, теннис корти, ерости автотураргоҳ ташкил этилади. Мажмуа ҳудуди тўлиқ Wи-Фи билан қамраб олинади ҳамда биноларда шовқинсиз лифтлар ўрнатилади.

 

Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Маълумки, Тошкент метрополитенини Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган. Президент аввал тақдим қилинган лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш, бошқа муқобил таклифлар киритиш бўйича топшириқ берганди. Шунга мувофиқ тайёрланган янги лойиҳага кўра, Буюк ипак йўли метросидан Тошкент трактор заводи даҳасигача 10 та бекат қурилади. Бу тармоқ 30 та маҳалла, 148 минг аҳолини қамраб олади.

 

Яна бир лойиҳага кўра, Бектемир туманида Чирчиқ дарёси яқинида кўп қаватли уйлар, савдо ва хизмат бинолари қуриш кўзда тутилган. Бунинг натижасида туманда урбанизация жадаллашиб, янги марказ пайдо бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Иқтисод

12:28 / 20.03.2025 0 13
Асосий ставка оширилди

//