Асосий ставка оширилди

Сақлаш
12:28 / 20.03.2025 13 0

 

Марказий банк асосий ставкани 0,5 фоиз бандга ошириб йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Марказий банк бошқаруви инфляцион босимларнинг юқори даражада сақланиб қолиши, талабнинг барқарор ўсиб бориши ва инфляцион кутилмаларнинг кучайиши фонида пул-кредит сиёсатида қатъийлик даражасини оширишга қарор қилди.

 

Банк баёнотига кўра, ушбу қарор келгуси ойларда кутилаётган инфляцион хатарларни инобатга олиб, инфляцион кутилмаларни жиловлаш, ўрта муддатли истиқболда инфляция даражасини 5 фоизлик таргетга эришиш учун етарли шароитлар яратишга қаратилган. 2025 йил бошидан умумий инфляция даражасида бироз ўсиш кузатилиб, февраль ойи якунлари бўйича йиллик 10,1 фоизни ташкил этган.

 

Йил бошидан асосий савдо ҳамкорлар валюталарининг мустаҳкамланиши таъсирида реал самарали алмашув курси пасайиш тенденциясини намоён бўлган. Иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларни мақбуллаштириш ҳамда ялпи талаб ва таклиф орасидаги мувозанатни таъминлаш пул-кредит шароитлари қатъийлик даражасини оширишни тақозо этган.

 

Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк бошқаруви ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида асосий ставкани 0,5 фоиз бандга ошириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган.

 

«Пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши умумий талабни мувозанатли шаклланишига ва нархларга оширувчи омиллар таъсирини камайтириши орқали келгуси чоракларда инфляцион жараёнларнинг маълум даражада секинлашишига хизмат қилиб, йил якуни бўйича умумий инфляцияни 7-8 фоизгача пасайишига замин яратади», дейилади банк хабарида.

 

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 24 апрель кунига белгиланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Иқтисод

12:28 / 20.03.2025 0 14
Асосий ставка оширилди

//