Кувайтда Бухоро амирига тегишли зеб-зийнатлар топилди

Сақлаш
15:56 / 19.03.2025 46 0

Кувайтда Бухоро амирига тегишли зеб-зийнатлар топилди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази маълум қилди.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация ҳамда Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов Кувайт шаҳридаги Ториқ Ражаб музейига ташриф буюрди. Уларини Музей директори Зияд Ражаб кутиб олди.

 

 

Кувайт давлати пойтахти ал-Кувайт шаҳрида жойлашган Ториқ Ражаб музейи 30 000 дан ортиқ қадимий ва замонавий буюмлардан иборат шахсий коллекцияни ўз ичига олади. 1980 йил фаолиятини бошлаган Музейга кувайтлик тадбиркор Ториқ Саййид Ражаб томонидан асос солинган. Унда кўп йиллар давомида шаклланган шахсий коллекция жамланган бўлиб, Ториқ Ражаб музейи номи билан машҳур.

 

 

Делегация аъзолари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилиши кутилаётган экспозицияга 50 га яқин жаҳон коллекцияларини жалб қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Мазкур воқеа жаҳон музейшунослиги тарихида бир мамлакат мероси атрофида ўнлаб музейларни бирлаштирган биринчи йирик экспозиция бўлиши таъкидланди.

 

Зияд Ражаб Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ториқ Ражаб ва шу номдаги ислом хаттотлиги музейлари ҳақида сўз юритаркан, келажакда Марказ билан ҳамкорлик қилишдан мамнун эканини билдирган.

 

Зияд Ражаб Ториқ Ражаб музейининг экспонатларини Ўзбекистонда намойиш этиш тарихий воқелик эканини таъкидлади. Мазкур музейда Ўзбекистон маданий меросига оид қимматли экспонатлар, шу жумладан, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарининг XIV асрда кўчирилган нусхалари, Бухоро амири ва унинг қариндошларига тегишли тақинчоқлар, Шайбонийлар даврига оид миниатюралар ва кўплаб экспонатлар мавжуд.

 

 

Музей экспозициясида ислом оламининг турли даврлари ва жуғрофиясига мансуб бўлган бетимсол хаттотлик намуналари, юксак санъат даражасидаги каллиграфия дурдоналарини учратиш мумкин.

 

Бундан ташқари, музейда Бухородан келтирилган заргарлик буюмлари, қадимий либослар, қурол-яроғлар, ҳунармандчилик ашёлари, матолар, шиша идишлар ҳам ўрин олган.

 

"Менинг онам, асосан, заргарлик буюмларини тўплаган бўлса, отам сопол ва металл буюмларга масъул бўлганлар. Ота-онам айнан Ўзбекистон ҳудуди ва тарихига қизиққанлари боис музейда ушбу манзилдан келтирилган артефактлар кўплаб топилади" – дейди Зияд Ражаб.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

13:28 / 28.03.2025 0 21
1 апрелдан нималар ўзгаради?

//