Ходимнинг маошидан ушлаб қолиниши мумкин бўлган 6 ҳолат

Сақлаш
11:17 / 18.03.2025 5 0

Ходимнинг ойлигидан ушлаб қолиш мумкин эмас, аммо қуйидаги 6 та сабаб бўйича истисноли ҳолатлар мавжуд:

 

Солиқлар ва йиғимларни ундириш учун

Ходим яъни қонуний меҳнат қилувчи томон шахс сифатида солиқлар ва йиғимларни тўлаши керак. Шунинг учун иш берувчи ёки бухгалтер солиқ ва йиғимлар учун ходимнинг рухсатисиз ёки ёзма розилигисиз ҳам иш ҳақидан ушлаб қолиши мумкин.

 

Давлат ижрочисининг талабномасига кўра

Ходим тегишли суд ҳужжатига биноан кимдандир қарздор ёки давлатга тўлаши керак бўлган тўлов(жарима)лари бўлса, бундай ҳолларда давлат ижрочиси ходимнинг иш берувчисига талабнома юборади ва ушбу талабномага асосан иш берувчи ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиши мумкин.

 

Хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига берилган маблағларни қайтариш учун

Ходимга олдиндан бўнак пули берилган ёки бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтганлиги муносабати билан хўжалик эҳтиёжларига ёки хизмат сафарларига маблағ берилган бўлса ва ушбу маблағ сарфланмаган бўлса, ходим ушбу маблағларни қайтариши керак. Масалан, ходим хизмат сафари учун маблағ олди, аммо у иш жойини ўзгартирди ва хизмат сафарига бормади. Шундай ҳолларда ходимга хизмат сафари учун олдиндан ажратилган маблағлар қайтарилиши зарур.

 

Эслатма! Бу бўйича иш берувчи 1 ой ичида ушлаб қолиш ҳақида буйруқ чиқариши лозим. Мазкур муддат ўтиб кетса ёки ходим норози бўлса, ушбу масала суд тартибида ҳал этилади.

 

Иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун

Агар ходим иш берувчининг мол-мулкига зарар етказса, ушбу зарарни ходим қоплаб бериши шарт.

 

Мисол учун, ходим ўзига берилган компьютерни ўзининг эътиборсизлиги оқибатида носоз ҳолатга келтирди. Ушбу компьютернинг пулини ходим тўлаб бериши керак. Аммо ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи ушбу компьютер нархидан юқори бўлиши керак. Юқори бўлмаса, ушбу иш ҳақидан зарарни қоплай олмайди.

 

Айтайлик, ушбу компьютернинг нархи 10 млн сўм. Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи эса 5 млн сўм. Демак, ходим иш ҳақидан ушбу компьютерни тўлай олмайди.

 

Ходим меҳнат интизомини бузганлиги учун

Ходим меҳнат интизомини бузганлиги учун жарима интизомий жазо чораси тайинланганда, жарима иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

 

Ишлаб берилмаган таътил кунлари учун

Масалан, ходим 2020 йили 1 декабрдан ишга кирди ва 2021 йил июль ойида меҳнат таътили олди ҳамда шунга яраша унга тўлов амалга оширилди. Ходим таътилдан қайтиши билан ишдан бўшаши кераклигини ва у билан ҳисоб-китоб қилиниши кераклигини айтди. Ушбу ҳолатда 2021 йил июль ойидаги таътили учун 2021 йил 1 декабрга қадар ишлаб бериши керак эди, аммо у ишлаб бермади.

 

Бунда ходим ишлаб бермаган қисмига таътил учун ортиқча тўлов олган ҳисобланади ва ушбу сумма қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//