Инспектор 51 минг, муҳандис 20 минг, кадастр бўлим бошлиғи 6 минг АҚШ доллар пора билан ушланди

Сақлаш
16:23 / 14.03.2025 12 0

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди. Тадбир давомида Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.

 

Хусусан, “Фарғона сув таъминоти” АЖ Қўқон шаҳар бўлимининг муқаддам судланган 2 нафар инспектори ўз хизмат вазифаларидан фойдаланиб, Қўқон шаҳрида маҳаллий қурилиш фирмаси барпо этаётган янги кўп қаватли уйлардаги жами 555 та хонадонга ичимлик суви учун ҳисоблагич ўрнатиш, шахсий карточка очиш, сертификат қилиб бериш ва бошқа хизматлар эвазига 51 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддасининг 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддасининг 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Наманганда

Наманган вилоятида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга қарашли “Энергосавдо” корхонасининг Давлатобод туман бўлими муҳандиси металл эритиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖда электр ҳисоблагичдан ноқонуний фойдаланилганлиги сабабли, давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказилганлигини рўкач қилган. Ҳолатни расмийлаштирмаслик ва жаримага тортмаслик учун воситачи орқали 20 минг АҚШ доллари олгаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари уни ашёвий далил билан қўлга олган.

 

Жиноятчига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддасининг 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

 

Андижонда

Андижон вилоятидаги туманлардан бирининг кадастр бўлими бошлиғи фуқарога боғдорчилик йўналишида фойдаланиш учун ҳокимият томонидан ижарага берилган 1 гектар ер майдонининг 17 сотих қисмидаги ноқонуний қурилмани бузиш бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик, судларга даъво аризаси киритмаслик ва уни жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан прокуратура органларига ҳужжатлар тақдим қилмаслик, шунингдек, кейинчалик ушбу ер майдонининг 22 сотих қисмини “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун асосида турар-жой сифатида расмийлаштирилишида ёрдам бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилган.

 

Сўралган суммани ўзининг хизмат хонасида олаётган мансабдор Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.


Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//