Мактабларда ёзги таътил 1,5 ойга қисқарадими?

Сақлаш
11:17 / 14.03.2025 19 0

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мактабларида ёзги таътил 1,5 ой (6 ҳафта) бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

 

Уларда ёзилишича, узоқ таътил давомида болалар билимни унутиб қўйишлари мумкинлиги сабаб айрим ота-оналар бу таклифни қўллаб-қувватлаган бўлса, бошқалар бу қарорга қарши чиққан. Хабарларда, шунингдек, дунёдаги айрим давлатларда ёзги таътил қисқароқ экани, лекин йил давомида кўплаб байрам кунлари борлиги эслатиб ўтилган. Бироқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бундай миш-мишларни рад этди.

 

«Бу гапни ўйлаб топишганми ёки таклиф сифатида айтилганми, аниқ билмайман. Лекин мактабларда ёзги таътил қисқаради деган масала вазирликда кўтарилгани ҳам, бу гап бўлгани ҳам йўқ», деб жавоб берган вазирлик ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова.

 

Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомга кўра, ўқув йилининг давомийлиги 34 ҳафта (1-синфлар учун 33 ҳафта)ни ташкил қилади.

 

Бунда ўқув йили давомидаги таътилларнинг муддатлари қуйидагича белгиланган:

- кузги таътил — 4 ноябрдан бошлаб 6 календарь кун;

- қишки таътил — 28 декабрдан бошлаб 14 календарь кун;

- баҳорги таътил — 21 мартдан бошлаб 7 календарь кун;

- ёзги таътил — охирги босқичли назорат синови ўтказилган кундан (босқичли назорат ўтказилмайдиган синфлар учун ўқув йили тугаган кундан кейинги кундан) бошлаб 1 сентябргача.

 

Эслатма учун, жорий йилнинг 20 мартида мактабларда ИИИ чорак тугаб, ўқувчилар 21 мартдан баҳорги таътилга чиқади. ИВ чорак дарслари эса 28 март кунидан бошланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//