Ўзбекистон ва Франция ўртасида уран қазиб олиш бўйича янги битим имзоланди

Сақлаш
15:05 / 13.03.2025 89 0

 

«Навоиюран» давлат корхонаси ва Франциянинг Орано компанияси ўртасида уран конини ўзлаштириш ҳамда уран саноатини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда «Газета.уз» нашри хабар берди.

 

Ҳужжат 12 март куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Парижга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми доирасида имзоланди.

 

Келишувни «Навоиюран» бош директори Жамол Файзуллаев ва Орано компаниясининг тоғ-кон ишлари бўйича катта вице-президенти Ксаве Сен-Мартен Тие имзолади. Битим биргаликда уран қидириш ва қазиб олишни назарда тутади, шунингдек, экологик меъёрлар ва хавфсизлик стандартларига риоя қилиш, иш ўринларини яратиш ҳамда маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлаш бўйича мажбуриятларни ўз ичига олади.

 

Орано маълумотларига кўра, келишув Нурликум Мининг ўзбек-француз қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқилаётган Жанубий Женгелди уран конини саноат миқёсида ўзлаштириш учун асос яратади. Жанубий Женгелди лойиҳаси унинг оператори бўладиган мавжуд «Навоиюран» ишлаб чиқариш базасига интеграция қилинади.

 

Ушбу кон сертификатланган захиралар асосида камида 10 йил давомида уран қазиб олишни таъминлай олади, ишлаб чиқаришнинг энг юқори даражаси йилига 700 метрик тонна уранни ташкил этади.

 

Лойиҳа 2022 йилда Орано томонидан Ўзбекистон ҳукумати билан имзоланган стратегик келишув доирасида «Навоиюран» билан тузилган кенг кўламли ҳамкорлик дастурининг бир қисмидир.

 

«Ушбу лойиҳа гуруҳ учун уран қазиб олиш манбаларини диверсификация қилишга ёрдам беради. Янги босқич Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган ишлар туфайли юзага келди. Орано лойиҳани янада ривожлантириш учун ўзининг геологик ва техник ваколатларидан фойдаланишга ва шу тариқа компания фаолиятини кенгайтиришни қўллаб-қувватлашга интилади», – деди Орано катта вице-президенти Ксаве Сен-Мартен Тие.

 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда Навоий вилоятида Франция атом саноати етакчиси Орано (51 фоиз) ва Давлат геология қўмитаси (49 фоиз) томонидан ташкил этилган Нурликум Мининг уран қидирув ва қазиб олиш қўшма корхонаси фаолият юритмоқда. Корхонанинг ресурс базасига «қумтош» туридаги учта истиқболли уран майдонлари – Шимолий ва Жанубий Женгелди ва Янгиқудуқ киради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//