Шавкат Мирзиёев Франциянинг Фахрий легион ордени билан тақдирланди

Сақлаш
08:41 / 13.03.2025 86 0

 

Ўзбекистон Президентига юксак мукофотни Франция Президенти Эммануэл Макрон тантанали равишда топширди.

 

Шавкат Мирзиёевнинг Парижга ташрифи доирасида Франция пойтахтида Ўзбекистон Республикаси Президентини Франция Республикасининг олий мукофоти – Фахрий легион ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ҳамкорлигини ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу орденга сазовор бўлди.

 

Мамлакат етакчиси мукофот учун Франция раҳбарига самимий миннатдорлик билдириб, кейинги йилларда сермаҳсул ҳамкорликда юксак натижаларга эришилгани, икки мамлакат муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.

 

Фахрий легион ордени 1802 йилда таъсис этилган бўлиб, Францияда ушбу орден алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади.

 

 

Шундан сўнг Франция Республикаси Президенти Эммануэл Макрон Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шарафига давлат қабул маросимини уюштирди.

 

Қабулда икки мамлакат расмий делегациялари, Франция Бош вазири Франсуа Байру бошчилигида Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, таниқли маданият, санъат ва фан арбоблари, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 

Давлатимиз раҳбари Эммануэл Макрон ва унинг рафиқаси Брижит Макронга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бугун бўлиб ўтган музокаралар тарихий аҳамиятга эга эканини, уларнинг натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//