"Дилбарим" клипини суратга олишда яна бир фуқаро уриб юборилган

Сақлаш
15:01 / 12.03.2025 5 0
Фото: Gazeta.uz

Озода Нурсаидованинг «Дилбарим» қўшиғига клип суратга олиш жараёнида модель Сабрина Жабборова ҳамкасби, яъни клипда суратга тушаётган қиз − вояга етмаган Севинч Маруфова томонидан Гелендваген автомобилида уриб юборилган ва 2 марта босиб ўтган. Оқибатда моделнинг тоз суяги синиб, цинган суяклар бачадон ва сийдик пуфагига зарар етказган.

 

Воқеа 2024 йилнинг ноябрь ойида содир бўлишига қарамай, 2025 йилнинг 11 март санасида жабрланувчининг инстаграм саҳифасида маълум қилинди.

 

Унга кўра, Сабрина Жабборовага бир соат ичида биринчи ёрдам кўрсатилмаган. Оқибатда актриса 3 литр қон йўқотган. Кейинроқ 4-сонли шаҳар касалхонасига олиб борилган ва шифокорлар томонидан тўққиз соат давомида жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Чаноқ-сон бўғимидаги жарроҳлик амалиёти хатолик билан ўтказилиб, тоз суяги нотўғри ўрнатилган. Бунинг оқибатида жабрланувчининг чап оёғи ўнг оёғидан 7 см узунроқ бўлиб қолган. Шу тариқа, Сабрина ногирон бўлиб қолган.

 

Таъкидлашича, вояга етмаган актрисани суратга олиш майдончасига режиссёр ва продюсер Аҳад Қаюм таклиф қилган, у актрисанинг ҳайдовчилик қобилиятини тасдиқлаб, автомобилни бошқаришга рухсат берган.

 

«Тасвирга олиш ташкилотчилари ва бошқа айбдорлар жабрланувчига тегишли ёрдам кўрсатмаган. Тўрт ой давомида улар фақат 500 АҚШ долларидан тўлашди, буни суратга олишнинг техник қоидаларини бузганлик учун жарима деб ҳисоблашди. Жабрланувчининг онаси Сабринани оёққа турғизиш учун ёрдам сўраганида, у фақат қуруқ ваъдалар ва таҳдидлар эшитди. Унга воқеа материаллари интернетда тарқатилса, жабрланувчига ёрдам бериш бутунлай тўхтатилиши айтилган», − дейилади актрисанинг инстаграм саҳифасидаги постда.

 

Сабрина Жабборова қайта кўрикдан ўтганида докторлар у чет элда қайта операция қилинса кўп қон йўқотиши мумкинлигини, қолаверса, ижобий натижа бўйича 50х50 имконият борлиги, жорий ҳолат сақланиб қолиши ҳам мумкинлигини таъкидлаган.

 

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг маълум қилишича, суратга олиш майдончасида вояга етмаган шахс руль бошқарувида яна бошқа бир фуқарога ҳам жароҳат етказган.

 

Воқеа 2024 йилнинг 7 ноябрь куни соат тахминан 13:00 ларда Мирзо Улуғбек тумани, Янги Ўзбекистон кўчасида жойлашган автотураргоҳларнинг бирида юз берган. Вояга етмаган 17 ёшли ҳайдовчи С.М. Mercedes-Benz русумли автомашинада ҳаракатланиб, 2 нафар пиёдани (2003 йилда туғилган Сабрина Жабборова ҳамда 2006 йилда туғилган Ш. Э.) уриб юборган.

 

Жабрланувчилар шифохонага олиб борилган. Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, фуқаро Ш. Э.нинг ҳолати оғирлик даражаси бўйича енгил тан жароҳати, модель Сабрина Жабборова эса оғир тан жароҳати деб баҳоланган.

 

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, тегишли тартибда судга юбориш чораси кўрилмоқда.

 

Вояга етмаган шахснинг машина бошқарувни йўқотиши оқибатида содир бўлган ушбу ҳолат жамоатчилик томонидан кескин қораланди. Сабринанинг тармоқдаги саҳифасида қайд этилишича, рулдаги вояга етмаган актрисани суратга олиш майдончасига режиссёр ва продюсер Аҳад Қаюм таклиф қилган. У актрисанинг ҳайдовчилик қобилиятини тасдиқлаб, автомобиль бошқаришига рухсат берган.

 

Қайд этилишича, суратга олиш жараёнини ташкиллаштирган ташкилотчилар ва бу ҳодисада айбланувчи жавобгар шахслар томонидан кераклича ёрдам кўрсатилмаган. Суратга олиш жараёнида техника хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги учун жабрланувчига ўтган 4 ой давомида ойига 500$ дан жарима сифатига жабрланувчига тақдим этилган ва иш 1 ой ўтганлигидан сўнг охирги жарима пули билан ёпилишини таъкидлашган.

 

Жабрланувчининг онаси қизни оёққа турғизиш мақсадида ёрдам сўраб мурожаат қилганида фақатгина қуруқ ваъдалар ва таҳдидларни жавоб сифатида эшитган. Жабрланувчининг онасига агарда ҳодиса маълумот ва материаллари ижтимоий тармоқда тарқатилса ҳозирда кўрсатилаётган ёрдамдан маҳрум бўлиши таъкидланган. Тармоқларда Сабринага ёрдам сўраб, ҳақиқат қарор топишини талаб қилган бир қатор фаоллар ўзларига нисбатан таҳдидлар бўлаётгани ҳақида хабар берган.

 

«Умид қиламизки, сизни қанчалик ишонтиришга уринишмасин, аризангиздан воз кечмайсиз. Сизнинг олдингизга илтимос билан, кўз ёш билан, пул ёки исталган бошқа шаклдаги босим билан келишлари мумкин. Лекин ҳозир сизни бутун мамлакат қўлламоқда. Сизнинг қарорингизга ушбу вазиятдан ҳам кўра кўп нарса боғлиқ. Агар аризангизни қайтиб олсангиз адолатсизлик бўлади. Чунки бу билан шу каби воқеаларга жим кетиш мумкинлигини кўрсатган бўласиз. Бу эса жазосиз қолиш нормага айланган хавфли прецедентни яратади. Шунинг учун сиз бу ишни ҳеч қандай илтимосларга қарамай охирига етказишингизга ишонамиз» − деб изоҳ қолдирди фойдаланувчилардан бири.

 

«Менда бир савол бор. Майли, Озода айбдор эмас, режиссёр айбдор эмас. Ва айтайлик, бу қиз шантаж қиляпти, ва ҳ.к. ва ҳ.к. Лекин нима учун вояга етмаган шахсни рулга ўтқизган ва ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарувга ўтирган қизнинг ўзи жазосиз қолди? Нимага? Оддий одам »права«сиз ҳайдаб қўйса штраф, қоида бузса штраф, бу ерда ҳайдовчилик гувоҳномасисиз одам босиб кетяпти ва ҳеч нима бўлмагандай яшаб юрибди. Бунинг учун ким жавоб бериши керак?» − деб ёзади яна бир фойдаланувчи.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//