«Опен бюджет»га деб ўқитувчилардан 700 минг сўмдан пул йиғган директор ишдан олинди

Сақлаш
09:34 / 12.03.2025 12 0

Тармоқларда Фарғона вилоятининг Қува туманидаги мактаблардан бирида «Ташаббусли бюджет» учун ҳар бир ўқитувчининг ойлик маошидан 700 минг сўм миқдорида пул олиб қолинмоқчи бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳозирда тегишли мактаб директори мазкур қилмиши учун ишдан олингани ҳақида хабар берди.

 

Вазир сўнги йилларда мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим тизими ходимларини ўз фаолиятидан бошқа ишларга жалб қилиш, ортиқча ва асоссиз йиғди-йиғдиларга қарши курашилаётгани, бу бўйича мурожаатлар нисбатан камайганини қайд этаркан, тизимда жамоага нотўғри талаб қўйиб, турли мақсадда пул йиғиш топшириғини бераётган масъуллар ҳам учраётганини таъкидлайди ва Қува туманидаги ҳолатга тўхталади:

 

«Яқинда Қува туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчиларнинг ойлик маошидан «опен бюджет»да овоз йиғиш учун 700 минг сўмдан ушлаб қолишни талаб қилган директор билан меҳнат шартномасини бекор қилдик. Бугун «Ташаббусли бюджет» лойиҳалари учун овоз бериш босқичи бошланди. Бу лойиҳа қисқа муддатда очиқлик, фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирокини оширишга хизмат қилиши билан эътиборга тушди. Бу ижобий ислоҳотларга ўқитувчи, таълим ходимларини мажбурий овоз беришга жалб этиш, улар маошидан пул йиғишлар билан соя солмайлик» − дейди Ҳилола Умарова.

 

Вазир педагогларни уларнинг вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш, турли мақсадлар учун маблағ йиғиш каби ҳолатлар билан ҳеч қачон муроса қилинмаслигини айтиб, бу борада педагоглар ҳам «жим турмаслигигни» сўраган:

 

«Ҳурматли педагоглар агар сиз шу каби ҳолатларга дуч келсангиз вазирликка мурожаат қилинг, биз ҳар бир ҳолатни ўрганамиз, ўқитувчи ва МТТ ходимлари манфаатини ҳимоя қиламиз!» − дея хабарга якун ясайди вазир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//