Вояга етмаган шахсларнинг судланиш даражаси ортиб бормоқда

Сақлаш
10:31 / 11.03.2025 24 0

Олий суд 2024 йилда Ўзбекистондаги судларда кўриб чиқилган жиноий ва маъмурий ишлар бўйича таҳлилий статистикани маълум қилди.

 

Унга кўра, ўтган 1 йиллик даврда жами 61 481 та жиноят иши кўриб чиқилган. 77 995 нафар шахс эса судланган. Мазкур рақам сўнги 5 йилликдаги энг юқори кўрсатгич ҳисобланади. Жумладан, охирги энг юқори натижа 2023 йилда кузатилган бўлиб, унда 58 418 та иш кўрилиб, 73 797 нафар шахс судланган эди. Орадан 1 йил ўтиб эса бу рақамлар 3063 та жиноят иши ва 4198 нафар судлаган шахсга ортган.

 

Маълумотга кўра, биринчи инстанция судларида энг кўп жиноят иши кўриб чиқилган Тошкент шаҳри бўлган(9 886 та иш). Шунингдек, пойтахт судланганлар сони бўйича ҳам етакчи бўлган – 12 038 нафар. Кейинги ўринда Тошкент вилояти жой олган(7 963 та иш, 10 238 нафар судланган киши). Энг салбий учликни Фарғона вилояти якунлаган(8 077 та иш, 9 520 нафар судланган шахс).

 

 

Жазо тайинланиб, ҳукм чиқарилган ҳамда шартли ҳукм қилинган шахслар бўйича ҳам Тошкент шаҳри етакчи – 9 211 нафар.

 

Ҳудудлар кесимида қасддан одам ўлдириш ҳолатлари Тошкент вилояти (57 та), номусга тегиш ҳолатлари Самарқанд вилоятида (38 та), босқинчилик ва талончилик ҳолатлари Тошкент шаҳрида (117 та ва 260 та) энг кўп кузатилган.

 

2024 йилда судланган 77 995 нафар шахс томонидан содир этилган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига кўра, 40 фоизи – ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 25 фоизи – унча оғир бўлмаган, 29 фоизи – оғир, 5 фоизи ўта оғир жиноятлар ҳиссасига тўғри келади.

 

Аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ жиноят ишлари энг кўп Фарғона вилоятидаги судларда кўриб чиқилган – 456 иш, 528 нафар судланган шахс. Ачинарлиси, ушбу судлар томонидан кўриб чиқилган жиноят ишларида 18 ёшгача бўлган 188 нафар аёл жабрланган сифатида қайд этилган. Жами ҳисобда эса Фарғона вилоятида содир этилган жиноятлардан 504 нафар хотин-қиз жабрланган.

 

Вояга етмаганларга нисбатан кўрилган жиноят иши ҳамда илтимосномалар бўйича статистик маълумотга қаралса, 2024 йилда вояга етмаганларнинг судланиш даражаси ортганини кўриш мумкин – 2 214 нафар судланган шахс (2023 йил билан солиштирилса, кўрсатгич 303 нафар судланган вояга етмаган шахсга ортган).

 

Ушбу шахсларнинг 386 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган (2023 йилда 260 нафар).

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//