«Ўзбекистон ерлари чет эл фуқароларига бериб юборилмаяпти» – Кадастр агентлиги

Сақлаш
09:42 / 07.03.2025 51 0

Ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон ерлари чет элликларга бериб юборилаётгани ёки сотилаётгани» мазмунидаги хабарлар кенг тарқалмоқда.

 

Ҳолат бўйича Кадастр агентлиги расмий муносабат билдирди.

 

«Мазкур шахслар қонунчилигимизга кўра Ер участкаларини чет элликларга бериш тартибларидан хабари йўқлигидан бундай маълумотларни тарқатаётган кўринади. Агар хабарлари бўлганида нотўғри хабарларни тарқатмаган бўлар эди», дейилади муносабатда.

 

Таъкидланишича, ер участкаларини бериш (реализация қилиш) талаблари Ер кодекси билан белгиланган ҳамда унинг 17-моддасига мувофиқ, чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкин.

 

Агентлик, шунингдек, ушбу ҳужжатнинг 24-моддасини ҳам мисол келтиради. Жумладан ушбу бандда «мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эл жисмоний ва юридик шахсларига ер участкалари ижарага берилиши» айтилади.

 

«Ҳўп, ижарага берсагу хусусийлаштириб олсачи, унда нима қиламиз?» — деб ваҳимага тушманг. Хавотирга ўрин йўқ», деб ёзилади агентлик хабарида.

 

Бундай кўринишдаги саволга агентлик қуйидагича жавоб беради:

«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек давлат органлари, муассасалари, корхоналари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди, яъни чет элликларга ер хусусийлаштириб берилмайди».

 

Хабарда ёзилишича, қишлоқ хўжалиги ерлари ҳам чет элликлар номига хусусийлаштирилмайди. Ҳатто бундай ерларни Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ҳам хусусийлаштириб ололмайди.

 

«Шундай экан, «ерларимиз чет эл фуқароларига бериб юбориляпти» мазмунидаги хабарлар асоссиз ва охиригача ўрганилмасдан чиқарилган хабарлар» деб ёзади агентлик матбуот хизмати.

 

Бундан ташқари, ташкилот бундай маълумотларни тарқатган шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-моддаси 2 қисми ҳамда Жиноят кодексининг 244-моддаси 6-қисмини эслатиб ўтган. Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳар хил алдовларга учмасликларини, ижтимоий тармоқ фаолларидан эса ёлғон ва асоссиз хабарларни тарқатмасликни сўраган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//