Шавкат Мирзиёев Грузия бош вазири билан учрашди

Сақлаш
08:50 / 06.03.2025 14 0

 

Ўзбекистон президенти 5 март куни мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

 

Учрашув аввалида Грузия бош вазири давлат раҳбарига Грузия президенти Михаил Кавелашвилининг саломини етказди. Шундан сўнг савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, туризм ва маданият соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

 

 

Парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги алоқалар фаоллашгани алоҳида қайд этилди. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш 50 фоизга ошди, қўшма корхоналар сони ва юк айланмаси ҳажми кўпайди.

 

Пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилди. Ўзбекистонда грузиялик инвесторлар иштирокида ташкил этилган рақамли банк фаолият юритмоқда. Гуманитар йўналишда ўтган йили Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди.

 

Суҳбатда шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтган ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши якунлари юқори баҳоланди. Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш, транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларини иқтисодий ҳамкорликка фаол жалб қилиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.

 

Рақамлаштириш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги шериклик ва алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида келгусида Ўзбекистон ва Грузия ҳукуматлари даражасида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//