Бир қатор давлат хизматчилари ҚҚС кешбэкларидан миллиардлар ўмарган

Сақлаш
10:45 / 05.03.2025 46 0

Давлат хавфсизлиги хизмати солиқ ходимлари томонидан ҚҚС кешбэкларидан миллиардлар ўғирлангани ҳақида маълум қилди.

 

Унга кўра, 2020—2023 йиллар давомида 8 та сохта корхоналар ташкил қилиниб, хорижга сохта экспорт қилинган мебель махсулотари учун қайтарилиши белгиланган 15 % ҚҚС салбий фарқ суммасини асоссиз қайтариб олиш орқали жами 24 миллиард 580 миллион сўм бюджет маблағлари талон-тарож қилинган. Бунда 17 нафар солиқ идоралари ходимлари, 1 нафар божхона органи ходими, 1 нафар банк ходими, 1 нафар туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва 18 нафар тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларидан иборат уюшган жиноий гуруҳ иштирок этган.

 

Гуруҳ фаолиятини солиқ идораларининг собиқ ходими мувофиқлаштириб борган ва айнан мазкур шахс норасмий раҳбарлик қилган корхоналар Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида рўйхатдан ўтган бўлсада, уларнинг юридик манзиллари асоссиз равишда тез-тез ўзгартирилиб, уларга расмий раҳбар сифатида ишга алоқадор бўлмаган шахсларнинг номлари киритилган. Шунингдек, корхоналарнинг фаолият тури сифатида мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланиш белгиланган бўлсада, аслида улар ҳеч қандай ишлаб чиқаришни амалга оширишмаган.

 

Бундан ташқари, ҳисобот ҳужжатларида гўёки ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар Қирғизистон Республикасига экспорт қилинганлиги акс эттирилган. 

 

Лекин, текширувлар жараёнида экспорт операциялари амалга оширилмаганлиги, корхоналарнинг муҳрлари уюшган гуруҳ томонидан сохталаштирилганлиги ва экспорт шартномалари шакллантирилганлиги ҳамда давлат бюджетидан юқорида кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи пул маблағлари ноқонуний қайтариб олинганлиги аниқланди.

 

Тергов давомида 6 млрд. 808 млн. сўм давлат ҳисобига ундирилди. Шунингдек, етказилган зарарни қоплаш учун 6 млрд. 300 млн. сўмлик мол-мулк, жумладан 1 та кўп қаватли хусусий тиббий клиника биноси, 1 та автомобиллар ювиш шаҳобчаси, 2 та хонадон, 6 та автомашина ҳамда телефон ва компьютер жиҳозлари хатланди. 

 

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан 38 нафар судланувчиларнинг 14 нафарига 5 йил 6 ойдан 7 йил 6 ой муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Шунингдек, 18 нафар шахсга нисбатан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, уларга 2 йил муддат ичида етказилган моддий зарарни қоплаш мажбурияти билан 3 йил синов муддати тайинланди.

 

Бундан ташқари, судланувчиларнинг 6 нафарига нисбатан 2 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//