Ўзбекистонда «ТEМУ» платформаси фаолияти 20 мартдан расман тўхтатилади

Сақлаш
14:53 / 04.03.2025 53 0

Ўзбекистон фуқароларига хизмат кўрсатувчи хорижий электрон савдо платформалари фаолиятини ўрганиш жараёнида айрим электрон савдо платформалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда NAPP хабар берди.

 

Таъкидланишича, юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ, 2025 йил 20 мартдан бошлаб хорижий электрон савдо платформаларидан, хусусан, «ТEМУ» платформасидан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланади.

 

«Тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида, юртдошларимиздан бугунги кундан бошлаб «ТEМУ» платформасида буюртма бермасликларини сўраймиз. Бунда, агар буюртма бундан олдин амалга оширилган бўлса, платформада тўловни қайтаришни ташкил этиш тавсия этилади«, дейилади расмий ахборотда.

 

Шунингдек, агентлик ва Солиқ қўмитаси фуқароларни республика ҳудудида ўз фаолиятини маҳаллийлаштирмаган ёки мамлакатимизда Солиқ қўмитасининг электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар ва маркетплейслар рўйхатига кирмаган хорижий электрон савдо платформалари хизматларидан фойдаланмасликка, эҳтиёт чораларини кўришга, шахсий ва бошқа маълумотларни бундай субъектларга бермасликка чақирмоқда.

 

Маълумот учун, 2024 йил 26 декабрда қабул қилинган Ҳукумат қарорининг 2-банди билан электрон тижорат операторлари, хусусан электрон савдо платформалари операторлари сифатида фақат юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари фаолият юритиши мумкинлиги белгиланган (ушбу норма қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди).

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//