Республика бўйлаб «Аёлга эҳтиром» ҳафталиги ўтказилади

Сақлаш
17:20 / 03.03.2025 10 0

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига мувофиқ, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан 3–10 март кунлари Ўзбекистонда «Аёлга эҳтиром» ҳафталиги ўтказилади. Бу ҳақда «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар» мавзусидаги брифингда маълум қилинди.

 

Ҳафталик доирасида:

▪️ Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларни «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими;

 

▪️ Узоқ йиллар вазирлик ва идораларда ишлаб фидойилик, ватанпарварлик, ибрат намунасини кўрсатиб хизмат қилган нуроний онахонлар, «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизлар «Янги Ўзбекистон боғи» ҳамда музейлар, тарихий масканлар, обидалар, зиёратгоҳ ва қадамжолар, театр, концерт, кино, кўнгилочар масканларга имтиёзли асосда ташрифлари;

 

▪️ Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган турли китоб ва рисолалар тақдимотлари;

 

▪️ Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Она — оиламиз тимсоли, меҳр булоғи» мавзусида иншолар танлови;

 

Ижтимоий тармоқларда ёшлар иштирокида «Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони», «Она – меҳр булоғи», «Мен онам билан фахрланаман», «Юрт тараққиётига менинг ҳиссам» мавзуларида флешмоб ва челленжлар;

 

▪️ «Доим эътибордасиз!» шиори остида «Тиббиёт автобуслари» ташкил этилади ва маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик;

 

▪️ Вазирликлар ва идораларда, корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар ўртасида «Спорт нафислик ва саломатлик манбаи» шиори остида спорт мусобақалари ташкил этилади.

 

Шунингдек, ҳафталик доирасида «Назм гулшани», «Қалам сеҳри», «Онажонлар мўътабар», «Миллий рақс – мунаввар қадрият» мавзусида кўрик-танловлар, «Матонат тимсоллари» мавзусида мулоқот учрашувлари, маданий-маърифий тадбирлар, маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ўтказилиши режалаштирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//