Ўзбек олималарининг изланишларини намойиш этувчи платформа яратилди

Сақлаш
09:13 / 25.02.2025 25 0

Ўзбекистон Фанлар академияси, Wonder Women халқаро ҳамжамияти ҳамкорлигида Осиё тараққиёт банки кўмаги билан биринчи марта «Ўзбекистон олима аёллари» сайти яратилди.

 

«Сайтнинг асосий мақсади ўзбек илм-фанида ўзига хос мактаблар яратган олималарни, замонавий фанда янгиликлар қилаётган истеъдодли, илмли аёллар фаолиятини жаҳонга танитиш, шу билан бирга, мамлакатимиз фани ривожи учун ҳисса қўшиб келаётган ўтмиш ва ҳозирги замон олималаримизни бугунги кун қаҳрамонлари сифатида намойиш этишдир», дейилади хабарда.

 

Сайтнинг биринчи қисмида тарихда ўз ўрнига эга бўлган олима аёллар – Ҳадича Сулаймонова, Галина Пугаченкова, Мақсуда Хожанованинг ҳаёти, илмий изланишлари ҳақида маълумотлар киритилган.

 

Иккинчи қисми эса ҳозирда Фанлар академиясида фаолият юритаётган ўзбек олималари ва беш нафар академик аёлларнинг фаолиятига бағишланган.

 

Платформа физика-математика, кимё-биология ва тиббиёт, ижтимоий-гуманитар фанларда замонавий тадқиқотлар билан шуғулланаётган фан докторлари ва профессор олималар ҳақида тўлиқ маълумот беради. Хабарга кўра, келгусида ҳам ушбу маълумотлар мазмун ва сон жиҳатдан янада бойитиб борилади.

 

«Сайтнинг жамият ва фан ҳаётидаги аҳамияти ҳам мавжуд. Ушбу платформа мазмунан илмга ҳаяжон ва ҳайрат билан кириб келаётган хотин-қизларга улкан илмий изланишлари билан танилган олималар ҳаёти ўрнак, намуна, бир сўз билан айтганда, модель вазифасини ўтайди», дейилади Фанлар академияси хабарида.

 

Таъкидланишича, бундай ташаббусдан кўзланган асосий мақсад ўзбек олималари ва улар олиб бораётган сермаҳсул изланишларни дунёга кўрсатиш, шунингдек, илмли, маърифатли олима қизларни жамиятга, илм-фанга тайёрлаб беришдир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//