Фахрий донорларга 5 млн сўмдан ортиқ пул мукофоти берилади

Сақлаш
12:35 / 24.02.2025 26 0

Сенатнинг ялпи мажлисида донорликка оид қонун муҳокама қилинди.

 

Таъкидланишича, ушбу ҳужжат билан бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахс учун бир йўла бериладиган пул мукофоти БҲМнинг 15 баравари – 5 млн 625 минг сўм этиб белгиланмоқда (олдин БҲМнинг 5 баравари – 1 млн 875 минг сўм миқдорида бўлган).

 

Шунингдек, мазкур кўкрак нишони билан тақдирланган донорларга ўзлари учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар йўловчилар транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш, санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи берилади.

 

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўз ваколатлари доирасида аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, уни кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантириш, донорларга сифатли хизматлар кўрсатиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш каби вазифалар юклатилмоқда.

 

Сенаторлар ушбу қонун донорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг қўшимча ҳуқуқий асосларини яратиш орқали аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилишини билдирган.

 

Ҳужжат сенаторлар томонидан маъқулланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//