Уй-жой учун субсидия олишда аризалар қабули 3 мартдан бошланади

Сақлаш
12:11 / 24.02.2025 26 0

Президентнинг 2025 йил 21 февралдаги «Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–26-сонли фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан жорий йилда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланган бўлиб, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар сони ўтган йилгига нисбатан 1,5 бараварга оширилди ҳамда дастур доирасида 30 000 нафар талабгорларга ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратилади.

 

Ипотека кредитлари учун субсидия олишда аризалар қабули (тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлари доирасида) 2025 йилнинг 3 мартида, соат 09:00 да бошланади.

 

Бунда фуқаролар Давлат хизматлари марказларига бевосита борган ҳолда ёки «my.gov.uz» Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёрдамида ушбу ҳавола орқали мустақил равишда ариза топшириши мумкин.

 

Ариза берувчи ва/ёки унинг яқин қариндошларининг (бунда, яқин қариндошлар аризада кўрсатилган ҳолларда) ўртача даромад миқдори қуйидагича бўлиши зарурлиги эслатиб ўтилади:

▪️ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан (3 млн 118 минг 500 сўм) 8 бараваригача (9 млн 240 минг сўм);

▪️ Тошкент шаҳрида — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан (3 млн 118 минг 500 сўм) 9,2 бараваригача (10 млн 626 минг сўмгача).

 

Маълумот учун, ушбу жараёнда ариза берувчида, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғининг номида республиканинг барча ҳудудлари миқёсида мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд бўлмаслиги лозим.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//