Президент Наврўз байрамини нишонлашга доир қарорни имзолади

Сақлаш
10:58 / 24.02.2025 33 0

Президент қарорига биноан, 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрами «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланади.

 

Байрамни юқори савияда ўтказиш мақсадида ғоявий-бадиий концепция маъқулланган бўлиб, байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ҳам тасдиқланган.

 

Ҳужжат ёзилишича, бу йилги Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида, улар учун байрам дастурхони ёзилади ҳамда турли хайрия тадбирлари ўтказилади.

 

Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, байрам арафасида барча ҳудудларда, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш акцияларини, умумхалқ ҳашарларини ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

 

Умумхалқ сайиллари уюштириладиган асосий майдонлар, кўча ва хиёбонлар миллий услубда байрамона безатилади.

 

Байрам тадбирлари доирасида ҳар бир ҳудудга хос бўлган халқ ўйинлари, томошалар, кўргазмалар ўтказиш, баҳорий таомлар сотиладиган очиқ ошхоналар ташкил қилинади.

 

Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасида эса алоҳида дастур асосида халқ сайиллари ташкил этилади.

 

Харажатлар Тошкент шаҳрида ўтказиладиган тадбирлар учун республика бюджети ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан (тенг улушларда), Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўлса тегишли маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//