Мактаблардаги бепул тушлик давоматни 8 фоизга оширади – тадқиқот

Сақлаш
10:42 / 24.02.2025 26 0

Фото: Газета

 

Makroиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати мазкур оила фарзандларининг академик натижаларига қандай таъсир қилиши ўрганилди.

 

Тадқиқотда Ўзбекистонда PISA-2022 сўрови орқали олинган натижалардан фойдаланилган бўлиб, сўров орқали республиканинг турли ҳудудлари бўйича 15 ёшли ўқувчилар(жами 202 та мактабдан 7293 нафар ўқувчи)нинг жавоблари жамланган.

 

Бунда уй-хўжаликлари оиланинг ижтимоий-иқтисодий келиб чиқишига қараб ўсиш тартибида гуруҳланган.

 

Аниқланишича, юқори ўнликда жойлашган оилаларнинг фарзандлари қуйи ўнликдаги оилаларнинг фарзандларига нисбатан математика фанидан 43,7 балл, ўқиш фанидан 39,8 балл ва табиий фанлардан 36,7 балл юқори натижа кўрсатган. Яъни ижтимоий-иқтисодий ҳолати яхши бўлган оилаларнинг фарзандлари юқорида келтирилган фанлардан яхши баҳо олган.

 

Repest модули асосида қилинган тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, ижтимоий-иқтисодий ҳолат индексининг 1 бирликка ижобийлашиши бола кўрсаткичини математика фанидан 9,5 баллга, ўқиш фанидан 9,2 баллга ва табиий фанлардан 7,9 баллга яхшилайди.

 

Кутилганидек, ижтимоий-иқтисодий келиб чиқиши бўйича қуйи ўнликдаги (ижтимоий-иқтисодий паст бўлган) оилаларнинг фарзандлари уй вазифаларини бажармайдиган ўқувчиларнинг 6,7 фоизини ташкил қилган. Юқори ўнликдаги оилалар фарзандларининг бу жараёндаги улуши эса – 3,3 фоиз.

 

Тадқиқот хулосасида ёзилишича, Ўзбекистонда ўқув ҳафтаси давомида ҳақ эвазига меҳнат қиладиган 15 ёшли ўқувчилар орасида ижтимоий-иқтисодий ҳолати паст бўлган оилаларнинг болалари кўпроқ учрайди. Яъни ҳар 3 нафардан 1 нафари ўқиш пайти ишлайди. Ижтимоий-иқтисодий келиб чиқиши юқори ўнликда бўлган оилаларда эса бу сал пастроқ – ҳар 4 нафардан 1 нафари.

 

Таҳлил натижаларига кўра, ўқувчиларнинг уй вазифаларини бажармаслиги PISA тест синови натижаларини ўртача 16 баллга, ҳақ эвазига меҳнат қилиш эса 37 баллга камайтиради.

 

Тадқиқотда ўқувчиларнинг дарсдан олдин нонушта қилиши ҳам таҳлил қилинган.

 

Маълум бўлишича, ўқувчиларнинг дарсдан олдин нонушта қилмаслиги PISA тест синови натижаларини ўртача 20 баллга салбийлаштиради. Нонушта қилмаслик кўпроқ камбағал оилаларнинг фарзандларига таъсир қилади ва улар нонушта қилмайдиган юқори даромадли оилаларнинг фарзандларига нисбатан 34 балл камроқ олади.

 

Ўқув ҳафтаси давомида дарсдан аввал нонушта қилмайдиган ўқувчилар ижтимоий-иқтисодий келиб чиқишига кўра қуйи ўнликда жойлашган оилалар фарзандларининг 13,6 фоизини, юқори ўнликда жойлашган оилалар фарзандларининг эса 9,5 фоизини ташкил қилади.

 

МҲТИ экспертлари давлат таълим қонунчилигида мақсадли кўрсаткичларни халқаро тест синовлари натижалари орқали аниқ ҳамда бир вақтнинг ўзида гуруҳлар кесимида (юқори-қуйи даромадли оила фарзандлари, шаҳар-қишлоқ ва ҳоказо) белгилашни, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар яшайдиган ҳудудлардаги мактабларда синов тариқасида бепул тушлик ҳамда нонушта бериш тизимини жорий этишни таклиф қилмоқда.

 

Маълумот учун, Ўзбекистонда мактаблардаги бепул тушлик давоматни 8 фоизга ошириши тадқиқот давомида исботланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//