30 ёшдан ошган эркакларга қандай касалликлар хавф солади?

Сақлаш
18:14 / 21.02.2025 13 0

Дунё бўйича 30 ёшдан ошган эркаклар орасида ортиқча вазн ва унга боғлиқ касалликлар энг кенг тарқалган муаммо ҳисобланади.

 

Турли тадқиқотлар шуни кўрсатадики, семизликнинг тарқалиши эркаклар орасида 20-30 фоизни ташкил этади ва 40 ёшдан кейин бу кўрсаткич янада ошади.

 

Шу сабабдан 30–50 ёш оралиғидаги эркаклар учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш жуда муҳим саналади. Бу даврда организмда табиий ўзгаришлар бошланади: метаболизм секинлашади, стресс ва иш юкламаси ортади, гормонал ўзгаришлар содир бўлиши мумкин.

 

Юрак–қон томир касалликлари, қандли диабет, ортиқча вазн, юқори қон босими ва простата муаммолари айнан шу ёшда кўпроқ учрайди. Агар вақтида профилактика чоралари кўрилмаса, бу муаммолар йиллар ўтиб янада жиддий касалликларни келтириб чиқаради.

 

Мутахассислар соғлиқни мустаҳкамлаш ва узоқ умр кўриш учун қуйидагиларни тавсия қилмоқда:

▪️ Жисмоний фаоллик. Ҳафтасига камида 150 дақиқа ўртача жисмоний фаоллик (масалан, юриш, югуриш, сузиш ёки фитнес) билан шуғулланиш инсон танасига анча фойдали бўлади .

 

▪️ Мунтазам жисмоний фаоллик. Бу юрак–қон томир тизимини мустаҳкамлайди, мушак ва суякларни бақувват қилади, қондаги қанд миқдорини меъёрида ушлаб туради, ортиб бораётган вазнни назорат қилишга ёрдам беради.

 

▪️ Тўғри овқатланиш. Озиқ-овқат танлови эркакларнинг умумий соғлиғига ва энергия даражасига катта таъсир кўрсатади. Овқатланиш рациони қуйидагилардан иборат бўлиши керак:

– сабзавот ва мевалар;

– дон маҳсулотлари (гречка, жигарранг гуруч, сули);

– ўсимлик ёғлари (ёнғоқ, зайтун ёғи, авокадо);

– етарли миқдорда оқсил (товуқ гўшти, балиқ, тухум, ловия).

Маълумот учун, ширинликлар, ёғли ва қайта ишланган маҳсулотларни иложи борича камайтириш зарур. Чунки улар юрак хасталиклари ва қандли диабет хавфини оширади.

 

▪️ Вазн назорати. Агар вазн ортиб кетаётган бўлса, рацион ва жисмоний фаолликни қайта кўриб чиқиш керак.

 

▪️ Мунтазам тиббий кўрик. 30 ёшдан сўнг эркаклар йилига камида бир марта шифокорга бориб, қуйидаги таҳлилларни топшириши керак:

– қон босими назорати(гипертония хавфини олдини олиш учун);

– простата текшируви(простата бези саратони хавфи 40-50 ёшдан кейин ортади);

– жигар ва буйрак фаолияти таҳлиллари.

 

▪️ Стрессни бошқариш. Ушбу ёш оралиғида эркаклар кўпинча катта масъулият юкини кўтаради – иш, оила, молиявий мажбуриятлар каби. Стрессни камайтириш учун медитация, спорт, табиатда сайр қилиш, севимли машғулотларга вақт ажратиш ва сифатли дам олиш муҳим.

 

▪️ Зарарли одатлардан воз кечиш. Зарарли одатлардан воз кечиш организмнинг умумий ҳолатини яхшилайди ва узоқ умр кўриш имкониятини оширади.

 

▪️ Етарли уйқу. Уйқу сифати саломатлик ва энергия даражасига бевосита таъсир қилади. Кунига камида 7–9 соат сифатли уйқу олишга ҳаракат қилиш лозим.

 

Таъкидланишича, 30-50 ёш оралиғида эркакларнинг соғлом турмуш тарзига риоя қилиши нафақат жисмоний ва руҳий ҳолатни яхшилайди, балки узоқ умр кўриш, оилавий бахт ва иш фаолиятининг самарадорлигини ҳам оширади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//