Шавкат Мирзиёев ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди

Сақлаш
15:20 / 21.02.2025 17 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

 

 

Мажлис аввалида аввалида мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида қилинган ишлар ва уларнинг натижалари ҳамда йўл қўйилган айрим камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

 

 

Таъкидланишича, Ўзбекистон Қуролли Кучлари томонидан 20 дан зиёд мамлакат билан икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, 400 дан ортиқ қўшма машғулотларда юқори кўрсаткичларга эришилган.

 

Ҳозирда Ватан ҳимоячиларига шароит яратишда ҳарбий-маъмурий секторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам иштирок этмоқда. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактабларда уларни чақирувга қадар бошланғич ҳарбий тайёрлашга ҳам эътибор кучайган.

 

Йиғилишда 2025 йил ва келгуси йиллар учун устувор вазифалар белгиланди.

 

 

Жумладан, миллий армияни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда замонавий қуролли можаролар, хавфсизликка мавжуд таҳдидлар ва ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.

 

Ҳозирги кунда турли минтақавий можароларда сунъий интеллект, робот, ракета, дрон ва уларга қарши воситалар кенг қўлланмоқда. Шундан келиб чиқиб, қўшинларда дронлар ва уларга қарши курашиш, сунъий интеллект билан ишлайдиган кибертузилмалар, роботлашган техникаларни қўллаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги бўлинмаларни ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Президент, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини таъминлаш, жанговар тайёргарлик кўрсаткичларини янада такомиллаштириш, сунъий интеллектга асосланган қўшинларни автоматлаштирилган ягона бошқариш тизимини яратиш, ҳарбий таълим ва ҳарбий кадрларни тайёрлашда дуал таълимдан фойдаланиш лозимлиги урғуланди.

 

Шунингдек, армиянинг устуни бўлмиш «Бош сержантлар корпуси» фаолиятини такомиллаштириш, мудофаа саноатини янада ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий спорт соҳасига йўналтириш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди

 

Хабарга кўра, йиғилишда мудофаа вазири, ҳарбий округ қўмондонлари ва бошқа масъулларнинг ҳисобот ҳамда таклифлари эшитилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//