
Жамият
Президент бугун, 21 февраль куни Мудофаа саноати агентлигининг Инновацион технологиялар марказига ташриф буюриб, бу ердаги ишлаб чиқариш қувватлари, илғор ишланмалар, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан танишди.
Мазкур марказда 80 га яқин ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, робототехника ва учувчисиз аппаратлар бўйича стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда.
Ташриф давомида ҳарбий техниканинг янги намуналари, мудофаа соҳасини янада ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳа ва режалар тақдимот қилинди.
Шавкат Мирзиёев бу биринчи қадамлар бўлганини айтар экан, мудофаа тизимининг рақобатбардошлигини ошириб бориш бўйича кўрсатмалар бериб, ишлаб чиқаришни мунтазам такомиллаштириб, янги маҳсулотларни ўзлаштириш, бунда инновацион технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.
Шу қаторда, буюртма асосида соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиб, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулот турларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Янги иш ўринлари яратиш, мутахассисларни тизимли тайёрлаш, янги техникалар бўйича илмий лабораториялар ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон мудофаа саноати корхоналари халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 17-21 февраль кунлари Абу-Даби шаҳрида (БАА) бўлиб ўтаётган «IDEX-2025» кўргазмасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 100 дан ортиқ ҳарбий техника ва маҳсулотлар намуналари намойиш этилмоқда. Хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотган «Арслон 8×8» ва «Арслон 6×6» зирҳли транспортёрлар, «Тўфон« ўзиюрар гаубицаси ҳам шулар жумласидан.
Ташриф якунида давлат раҳбари мудофаа саноатини янада ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини кўрсатиб, мутасаддилар олдига маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш, ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ва маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйди.
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ