ТИВ АҚШдан депортация қилинаётган ўзбекистонликлар бўйича муносабат билдирди

Сақлаш
09:28 / 21.02.2025 17 0

Фото: AFP

 

Коста-Рика Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва Ҳиндистон каби давлатларнинг АҚШдан депортация қилинган 200 нафар фуқаросини қабул қилишга рози бўлди.

 

Хабарга кўра, муҳожирлар ушбу мамлакатда олти ҳафтагача ушлаб турилиши ва ватанига жўнатилиши мумкин.

 

Бунгача улар махсус жойда сақланади ва ушбу ҳудудни тарк эта олмайди.

 

Таъкидланишича, АҚШдан учган ва асосан Осиё мамлакатларидан бўлган 135 нафар ноқонуний муҳожирни олиб кетаётган биринчи депортация самолёти кеча Коста-Рикага қўнган. Ушбу муҳожирларнинг 65 нафарини вояга етмаганлар ташкил қилади.

 

Бундан ташқари, АҚШ осиёлик яна 120 га яқин мигрантни Панамага ҳам депортация қилиши маълум қилди. Уларнинг 119 нафари Ўзбекистондан келган муҳожирлардир. Улар чегарани ноқонуний кесиб ўтгач ҳибсга олинган.

 

«Панама президенти Хосе Раул Мулино мигрантлар мамлакатга келганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, улар меҳмонхонага жойлаштирилган ва кейинчалик Колумбия билан чегарадош Дарен провинциясидаги бошпанага олиб кетилади. У ердан АҚШ томонидан молиялаштирилган рейслар орқали ўз мамлакатларига қайтарилади», деб ёзади Газета.

 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан Америка томонига Коста Рика ва Панамага юборилаётган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот сўраб мурожаат қилган.

 

«Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва мамлакатимизнинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси узоқ йиллардан буён Ўзбекистон фуқароларининг ўз ватанларига хавфсиз депортациясини таъминлаш мақсадида АҚШнинг тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бизнинг келишувларимизга асосан, Америка томони депортация қилинадиган фуқароларимизнинг ҳар бир ҳолати ҳақида тезкорлик билан хабардор қилади. Ўрнатилган амалиётга кўра, фуқароларимиз ватанга Нью-Йорк-Тошкент йўналиши орқали қайтади», деди вазирлик матбуот котиби Ахрор Бурханов.

 

Унинг қўшимча қилишича, вазирлик ОАВда Ўзбекистон фуқароларининг бошқа давлатларга депортация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни кузатиб бормоқда. Ушбу масала юзасидан дипломатик ваколатхоналар Америка томонидан бошқа давлатларга депортация қилиниши мумкинлиги ҳақида маълумот беришни сўраб мурожаат қилган. Бундан ташқари, бу борада Лотин Америкаси давлатлари билан дипломатик каналлар орқали ҳам алоқалар ўрнатилган.

 

«Дипломатик ваколатхоналаримиз Ўзбекистоннинг барча фуқароларига, улар қаерда бўлишидан қатъий назар, ҳартомонлама ёрдам кўрсатади», деди Бурханов.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//