ОТМ битирувчиларини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи дастур амалга оширилади

Сақлаш
11:33 / 18.02.2025 19 0

Президент қарори билан ОТМ битирувчиларини ишга жойлашишига кўмаклашувчи «Келажакка қадам» дастури ишга туширилади.

 

Унда қуйидагилар назарда тутилади:

▪️ ўз бизнес ғояларини амалга ошириш истаги бўлган олий таълим ташкилотларининг битирувчи босқич талабалари учун бизнес ғояни тайёр лойиҳагача олиб бориш жараёнида тўлиқ ҳамроҳлик қилиш, шу жумладан, қулай шартларда молиялаштириш;

 

▪️ олий таълим ташкилотларининг битирувчи ва қуйи босқич талабалари ўртасида соҳалар бўйича очиқ танловлар ўтказиш ва ғолибларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш.

 

Мазкур жараёнда:

🔹 салоҳиятли иш берувчи ташкилотлар, хусусан, йирик корхоналарнинг олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёжини аниқлаш ва мутахассисларга қўйиладиган талабларни шакллантириш амалиёти йўлга қўйилади;

 

🔹 танлов ғолибларини салоҳиятли иш берувчи ташкилотлар буюртмасига кўра индивидуал касбий таълим дастурлари асосида касбга дастлабки тайёрлаш тадбирлари молиялаштирилади;

 

🔹 индивидуал касбий таълим дастурларида ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташ ва чет элдаги олий таълим ташкилотларида қисқа муддатли ўқув курсларида қатнашиш имконияти яратилади.

 

Бундан ташқари, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ҳам Президент қарори қабул қилинди.

 

Унга кўра, 2025–2027 йилларда қуйидагиларни назарда тутувчи «Ёшлар бизнеси» дастури амалга оширилади:

🔹дастур доирасида 350 мингта ёшни қамраб олинади, шу жумладан, 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар учун камида 100 мингта қўшимча иш ўринлари яратилади;

 

🔹ёш тадбиркорларга комплекс хизматлар кўрсатилади, уларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида АТ «Алоқабанк» таянч «ёшлар банки» этиб белгиланади;

 

🔹замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун ёшларнинг стартап ва инвестиция лойиҳаларига имтиёзли молиявий маблағлар ажратилади;

 

🔹иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларидаги, шу жумладан, рақамли технологиялар татбиқ этилган инновацион лойиҳалар ҳамда ижтимоий тадбиркорлик йўналишидаги қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади.

 

Шунингдек, «Бизнесга биринчи қадам» лойиҳасига мувофиқ 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ижтимоий солиқ тўлаган ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга онлайн шаклда имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 100 млн сўмгача имтиёзли микроқарз сифатида ажратилади.

 

«Инновацион ёшлар» лойиҳаси бўйича эса венчур жамғармалари орқали ёшлар қўллаб-қувватланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//