
Жамият
15 ёшли боланинг жиноятчиликни орзу қилиб гапирган гаплари акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.
Таъкидланишича, ҳозирда жиноятчи бўлишни орзу қилиб юрган ушбу ўспирин шаҳар ИИББ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Масъул ходимлар боланинг онаси билан боғланганда, у фарзандини олиб кетишга имкони йўқлигини билдирган.
Хабарга кўра, у 2024 йилда ҳам мазкур марказга олиб келинган. Ўша даврдаёқ унинг назоратсиз Тошкент шаҳрининг ҳар хил кўчаларида, турли туманларда юргани аниқланган.
Нимани тарғиб қилиб, нима ҳақида гапираётганини фаҳмламаган ўспиринни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатган шахсга ҳам чора кўрилди.
Юнусобод тумани ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг тезкор ходимлари томонидан ушбу видеони ижтимоий тармоқларга жойлаган фуқаронинг шахсига ойдинлик киритилди.
Хабарда айтилишича, у видеога тушиб бериши учун болага 500 минг сўм миқдорида пул ваъда қилган.
«Хотира майдонида сайр қилиб юрган пайтимда бир бола келиб, »попкорн« сотишини айтди. Кейин »Видеога тушиб берасанми?« десам, »Тушиб бераман«, деди. Ўзимнинг Instagram тармоғимга, одамлар сонини кўпайтириш мақсадида жойладим видеони. Илтимос, кечиринглар мени. Қилган ишимдан афсусдаман мен. Бунақа видеоларни олмасликни тавсия бераман. Бунақа йўлларда юрманглар. Бу йўл нотўғри», дея узр сўради у.
Аниқланишича, бола 2 ойдан бери ота-онасининг қаровисиз қолган ҳамда мактаб таълимини олмай, кўчада сотувчилик билан шуғулланиб келган.
Якунда ҳолатни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаган фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188 -1-моддаси (вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш) билан БҲМнинг 15 баробари миқдорида жарима белгиланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ҳуқуқбузарлик учун боланинг ота-онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси(вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиш)га мувофиқ БҲМнинг 25 бараваригача миқдорида жарима солиниши ёки 15 суткагача маъмур қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлигини эслатиб ўтган.
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ