«Мен буюк эл фарзандиман» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади

Сақлаш
17:13 / 14.02.2025 30 0

Ёшлар билан мулоқотда Президент бугунги кунда мафкуравий хавф-хатарлар аллақачон кибермаконга кўчиб ўтгани ҳақида гапирди.

 

Шу муносабат билан ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини янада юксалтириш, уларнинг ёлғон маълумотлар қурбонига айланиши, дунёқараши салбий ғоялар таъсирида шаклланишининг олдини олиш муҳимлиги таъкидланди.

 

«Фарзандларимизнинг маънавий тарбияси ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларни ёт ғоялардан асраш ҳар биримизнинг вазифамизга айланиши шарт», деди давлат раҳбари.

 

Учрашувда мутасаддиларга ёшларнинг мафкуравий хавфсизлигини таъминлаш, уларни дардига малҳам бўлиб, муаммосини ҳал қилиб, турли ғоявий хуружлардан асраш, зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш ишларини кучайтириш топширилди.

 

Таъкидланишича, энди илм-фан ва таълим йўналишидаги фойдали маҳаллий интернет ресурслари реестри шакллантирилиб, улардан бепул интернет тармоғи орқали фойдаланиш йўлга қўйилади.

 

Нуронийлар иштирокида «Аждодлар меросига муносиб авлод» ғояси остида ёшларни бирлаштириш бўйича янги тизим ҳам жорий этилади. Шунингдек, ёшларда ватанпарварлик ҳиссини ошириш мақсадида «Мен буюк эл фарзандиман» умуммиллий ҳаракатини йўлга қўйиш бўйича ёшларнинг ташаббуси қўллаб-қувватланди.

 

Шавкат Мирзиёев ёшлар маънавиятини юксалтиришда бадиий адабиётнинг роли жуда катта эканини ҳам урғулади.

 

Хабарга кўра, эндиликда «Ёшлик» журнали фаолияти кучайтирилиб, у яна ёшлар севиб ўқийдиган журналга айлантирилади.

 

Маълумот учун, журнал бундан қирқ йил олдин шоир Эркин Воҳидов тимонидан ташкил этилган.

 

Бундан ташқари, ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш бўйича 10-11-синф ўқувчилари ўртасида бошланган «Ватан таянчи» ҳаракати касб-ҳунар мактаби, техникум ва хусусий таълим ташкилотларида ҳам йўлга қўйилиши белгиланди.

 

Энди «Ватан таянчи» отрядлари ўртасида «мактаб – туман – вилоят – республика» даражасида спорт мусобақалари ва ижодий танловлар ташкил этилади.

 

Шу каби ҳар бир маҳаллада ёшлар ўртасида «маҳалла – сектор – туман – вилоят – республика» даражасида «Шижоат ва ғайрат» спорт ўйинлари ўтказилади. Ғолиб маҳаллаларга спорт иншооти қуриб берилади ҳамда зарур анжомлар билан таъминланади.

 

«Ватан таянчи» ҳамда «Шижоат ва ғайрат» мусобақалари ғолибларига эса ҳарбий олийгоҳларга кириши учун тавсиянома берилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//