
Жамият
2025 йил 1 апрелдан «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали, 2025 йил 1 сентябрдан эса «Аёллар дафтари» жамғармалари орқали тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар ўрнига кам таъминланган оилалар учун назарда тутилган нафақалар тўлаб борилади. Бу бўйича тегишли бандлар Президент Фармонида белгилаб қўйилган.
Шунингдек, ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 майдан «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари ҳисобидан даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштирилади.
2025 йил 1 апрелдан бошлаб эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам ўрнига ушбу ҳудудларда яшовчи Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга уй-жойида артезиан қудуқ қазиш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик сув фильтрларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби жорий этилади.
Маълумот учун, мазкур турдаги субсидия харажатларнинг 90 фоизи учун, бироқ БҲМнинг 30 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ажратилади.
2025 йил 1 майдан эътиборан озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга БҲМнинг 6 баравари миқдоридаги бир марталик нафақа пули «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали тўланади.
Бундан ташқари, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида «Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик» жамғармалари ташкил этилади.
Фармонда ёзилишича, 2025 йил 1 апрелдан Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар учун «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги янги инструментлари ҳам жорий этилади:
▪️ камида 3 нафар хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларининг бандлиги ҳамда ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун тегишинча «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан БҲМнинг 60 бараваригача грантлар ажратиш;
▪️ «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисобидан ногиронлиги бўлган ёшларга параспорт тўгаракларига қатнашиши учун йўл ҳақи харажатларини қоплаб бериш ва 6 ой давомида мунтазам равишда спорт ва санъат тўгаракларига қатнашаётган ёшлар учун спорт форма, инвентарь, мусиқа ва чолғу асбобларини харид қилиш;
▪️ ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқа техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган оилаларга уй-жойларини тиклаш ва таъмирлаш харажатларини қоплаш учун «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали БҲМнинг 150 бараваригача бўлган миқдорда ёрдам кўрсатиш.
Таъкидланишича, энди «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг ижтимоий ҳолатини аниқлаш «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали, оиланинг молиявий ҳолатини эса – идоралараро ахборот алмашинуви орқали автоматик равишда баҳолаш (скоринг) натижаларига мувофиқ амалга оширилади.
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ