Алишер Қодиров вазирликларни танқид қилди

Сақлаш
10:18 / 12.02.2025 68 0

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари вазирликларнинг мамлакатда қилинган ишларни одамларга тўғри етказиб беролмаётганини танқид остига олди.

 

Унинг сўзларига кўра, қилинган ишлар жуда кўп, уларни одамларга етказишда масала бор. Одамлар ҳаёти ўзгараётганини сезади, янада яхшироғини тезроқ бўлишини талаб қилади ва яхшига тез кўникиб, ёмонни тез унутишга мойил бўлади.

 

«Биз ахборот майдонида қилинаётган ишларни ёритиш ва халқнинг барча қатламларига бу ҳақида етказиб бериш масаласини етарлича олиб бормаяпмиз деб ҳисоблаймиз. Масалан, энергия ислоҳотлари Ўзбекистондаги. Бу революцион ўзгаришлар бўляпти ҳозир. Биз секин-секин газ ва электр истеъмолини мутаносиблаштириб боряпмиз. Аҳолимиз ривожланган давлатлардаги каби электр истеъмолига секин-секин мослашиб боряпти. Бу бўйича жуда катта ишлар қилиняпти. Мана, электр энергияси агар 10 йил олдин етмаган бўлса, бугун 81 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариляпти. 2035 йилга келиб 130 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариб, нафақат аҳолини таъминлаш, балки хорижга сотиш ҳақидаги режалар ҳам бор. Бу қуруқ гаплар эмас, жуда катта ишлар қилиняпти. Лекин нега аҳоли бу ҳақида билмайди?» деган саволни ўртага ташлаган «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Қонунчилик палатаси йиғилишида.

 

Қодиров вазирлик-идораларнинг бу масалага эътиборсизлиги, чала суриштирув ва малакасиз тахминларга таяниб иш қилиши ижтимоий тармоқларда шовқин қилишдан манфаат излайдиган айрим сохта қаҳрамонларни ўзига бўлган ишончининг ортиб кетишига сабаб бўлаётгани ҳақида гапирган. У бундай эътиборсизлик халқ нигоҳида эришилаётган кўламли натижаларни қадрсиз қилаётганини урғулаган.

 

«Бунга йўл қўйилмаслиги керак!» дебди ёзган у Telegram саҳифасида.

 

Партия раиси айрим ҳолатларда оддий хатолар билан қилинаётган ишларнинг тескари таъсири пайдо қилинаётганини ҳам таъкидлаган.

 

«Халқимиз барча ахборот воситаларида, айниқса ижтимоий тармоқларда қилинган, қилинаётган ва қилиниши режалаштирилаётган барча ишлар ҳақида бевосита масъул идоралардан малакали, очиқ ва тушунарли маълумот олиб бориши муҳим эканлигига эътибор қаратдик» деб ёзган Алишер Қодиров хабари сўнгида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//