Болаларни меҳрибонлик уйларига топшириш ҳолатлари кўпайгани маълум бўлди

Сақлаш
18:44 / 11.02.2025 60 0

Бугунги кунда ёлғиз оналар, боқувчисини йўқотганлар, турмуш ўртоғи чет элга кетиб, қайтиб келмаганлар томонидан фарзандларини меҳрибонлик уйларига олиб келиш ҳолатлари ортган. Бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди судьяси Азизбек Қодиров маълумот берди.

 

Унинг қўшимча қилишича, меҳнат миграцияси сабаб ота-онаси ёки қариндошларидан узоқда, тўлиқ давлат таъминотидаги муассасаларда тарбияланаётган болалар сони 935 нафар бўлиб, Шундан 75 нафарининг ҳам ота, ҳам онаси меҳнат мигранти ҳисобланади.

 

Қодиров мазкур маълумотни тақдим этар экан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи ҳақида гапиради.

 

«Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш оилавий ҳуқуқий жавобгарликнинг бир тури, унда жазо элементи аниқ намоён бўлади. Шунингдек, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг асосий вазифаси боланинг манфаатларини таъминлашдир», дейди у.

 

Шунингдек, у Оила кодекси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тушунчасини ўз ичига олмаслиги, лекин унда ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ва ундан маҳрум қилиш асослари кўрсатиб ўтилганини таъкидлайди.

 

Андижон туманлараро суди судьяси мазкур кодексининг 79-моддасига таяниб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг 5 та қатъий асосларини келтиради:

 

Биринчидан, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бўйин товласа;

 

Иккинчидан, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

 

Учинчидан, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан, жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;

 

Тўртинчидан, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;

 

Бешинчидан, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри(хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса.

 

Қодиров оила қонунчилигидаги жавобгарлик чораларига жиддий эътибор қаратиш, уларни янгилаш ҳамда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институтини ўрганиш зарурлигини айтиб ўтган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//