
Жамият
Бугун, 11 февраль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Маълумот учун, мазкур ҳужжат ва у билан тасдиқланаётган Концепция лойиҳаси жорий йилнинг 31 январь куни қуйи палата мажлисида биринчи ўқишда қабул қилиниб, 10 февралга қадар палата расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган эди.
Фуқаролар ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирган жамоатчилик муҳокамаси жараёнида аҳолидан 400 тадан ортиқ изоҳлар, таклиф ва тавсиялар келиб тушган.
Лойиҳа юзасидан илмий-тадқиқот муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, Парламент тадқиқотлари институти, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилган.
Хабарга кўра, келиб тушган изоҳ, таклиф ва тавсиялар атрофлича ўрганилиб, уларнинг муҳокамаси ҳамда концепция лойиҳасини маромига етказишга бағишлаб ишчи гуруҳи ва масъул қўмитанинг йиғилишлари ўтказилган.
Таъкидланишича, бугунги мажлисда ҳам Концепция лойиҳаси кенг жамоатчиликнинг таклиф-мулоҳазалари асосида янада такомиллаштирилган. Хусусан, фуқаролар Жаҳонгир Сафаев, Ахмаджон Орипов, Амирулло Тўхлибоев, Шахнозахон Гаффарова ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан билдирилган таклифлар асосида Концепциянинг 10 дан ортиқ бандларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Маълум бўлишича, иккинчи ўқишга тайёрлашда лойиҳага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнида турли конфессиялар ўртасида ўзаро мулоқотни ўрнатиш, конфессиялараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон халқининг динларга оид маданияти ҳамда ислом цивилизациясининг ёрқин ютуқлари сифатида тан олинган буюк мутафаккир ва олимларнинг диний-фалсафий меросини, қўлёзма манбаларни ўрганиш бўйича илмий-амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг таълим олиши учун кенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни илм-фанга фаол жалб этиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш каби масалаларга эътибор қаратилган.
Бандма-банд муҳокама этилган концепция ва уни тасдиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси якунда депутатлар томонидан қабул қилинган ва Сенатга юборилган.
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ