Тадқиқот: Иш берувчилар ёшларга қанча маош беришга тайёр?

Сақлаш
12:33 / 11.02.2025 55 0

Фото: robowizard.ru

 

Ёш мутахассисларни ишга қабул қилишда иш берувчиларнинг фикрини ўрганиш мақсадида «Юксалиш» ҳаракати сўровнома ўтказди.

 

Таъкидланишича, мазкур таҳлил ёш мутахассисларни тайёрлаш ва иш билан таъминлаш соҳасида мавжуд муаммолар ва имкониятларни тушунишга ёрдам беради.

 

Google Forms платформасидан фойдаланган ҳолда ўтказилган сўровнома кичик ва ўрта бизнес вакиллари, фермер хўжаликлари, давлат идоралари, ННТ етакчилари ва раҳбарларини қамраб олган. Унда 23 ёшдан 55+ ёшгача бўлган 828 киши қатнашган. Респондентлар сони Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги аҳоли сонига мутаносиб равишда тақсимланган.

 

Сўровнома турли ёш гуруҳларини қамраб олган бўлиб, бу ёш кадрлар билан ҳамкорлик қилиш тажрибасини турли нуқтаи назарлардан кўриб чиқиш имконини беради.

 

Респондентларнинг 47,5 фоизи эркаклар, 52,5 фоизи аёллар бўлиб, сўровнома Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олган.

 

Хулосада ёзилишича, иш берувчиларнинг тахминан учдан бир қисми(27,8 фоизи) ёш кадрларда базавий билимлар (ОТМда бериладиган) етарли эмаслигини таъкидлайди. Бу эса таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш ва талабаларни амалиётга кўпроқ йўналтириш зарурлигини кўрсатади.

 

29,3 фоиз иш берувчиларнинг фикрича, ёшларда мустақил ривожланишга бўлган мотивация паст.

 

Сўров натижаларидан маълум бўлишича, раҳбарларнинг 8,7 фоизи мустақил профессионал ривожланишга ҳаракат қилмайдиган, 8,1 фоизи тизимли ва танқидий фикрлай олмайдиган, 4 фоизи мулоқот кўникмалари ва 2,9 фоизи лидерлик сифатларига эга бўлмаган ёш кадрларга дуч келмоқда. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу рағбатнинг йўқлиги ва ўқиш учун шароитнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

 

Иш берувчи респондентларнинг 8,3 фоизи ёш кадрларда ахборот технологиялари билан ишлаш бўйича кўникмалар етарли эмаслигини айтмоқда. Иштирокчиларнинг 9,9 фоизи бўлса ёш ходимларнинг чет тилларни билмаслигини танқид қилган. Сўровноманинг қолган 1 фоиз қатнашчилари бошқа турли хил камчиликларни кўрсатиб ўтган.

 

Тадқиқотда, шунингдек, ҳозирда иш берувчилар ёшларга қанча миқдорда маош беришга тайёрлигига ҳам аниқлик киритиб ўтилган.

 

Аксарият иш берувчилар ёш мутахассисларга 4 млн.дан 6 млн.гача бўлган маошни таклиф қилишга тайёрлигини билдирган. Бу энг кам тажрибага эга ходимлар меҳнати учун тўланадиган пул миқдорини акс эттиради.

 

Аниқроқ айтилса, респондентларнинг 39,4 фоизи – 4-5, 37,9 фоизи – 5-6, 11 фоизи – 6-8, 6,5 фоизи 7-10 млн.гача маблағни ёшлар иш бошлаши учун мақбул деб билади.

 

Тадқиқот хулосасида юқори ҳақ тўланадиган вакансиялар кам учрайдиган ҳолатлигича қолаётгани очиқланган. Албатта, 10 млн ва ундан юқори маош тўлашга тайёр иш берувчилар ҳам бор ва улар респондентларнинг 5,2 фоизини ташкил этган.

 

«Бу эса ёш мутахассисларнинг иш бошлаган вақтда муносиб иш ҳақи олиш имкониятини чеклайди», дейилади таҳлилий мақолада.

 

Хўш, бу жараёнда вазиятни қандай яхшилаш мумкин?

 

Малакали кадрларни тайёрлашда ёрдам бериши мумкин бўлган асосий йўналишлар сифатида иш берувчилар қуйидагиларни тавсия қилган:

▪️ 46,6 фоиз респондент — мустақил ривожланиш учун шароит яратиш;

▪️ 43,1 фоиз респондент — барқарор иш ҳақи ва мукофот ёки грант каби рағбатлантириш тизими орқали ёш мутахассисларни ушлаб қолиш ва уларнинг ривожланишига ҳисса қўшиш;

▪️ 26,3 фоиз респондент — карьерада ўсиш учун имконият яратиш;

▪️ 18,7 фоиз респондент — хорижда малака оширишни ташкиллаштириш;

▪️ 23,6 фоиз респондент — ёш мутахассислар билан ишлаш стратегиясини яратиш;

 

Қизиғи, 2,2 фоиз респондентдан малакали кадрларни тайёрлашда ёрдам бериши мумкин бўлган асосий тавсиялар сўралганда жавоб беришга қийналган.

 

Ҳозирда онлайн платформалар, шахсий контактлар ва бандликка доир сайтлар иш берувчилар учун ёш мутахассисларни қидиришда асосий манба бўлиб қолмоқда.

 

Жумладан, ишга ёллаш жараёнида иш берувчиларнинг 24,6 фоизи кадрларни ОТМлар орқали, 21,6 фоизи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги орқали, 13,5 фоизи меҳнат биржасидан, 3,1 фоизи бошқа манбалар орқали излашини маълум қилган.

 

«Юксалиш» ҳаракати ўрганиш ишларини якунлагач ўз тавсияларини қуйидагича келтириб ўтган:

▪️ Таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш ва амалиёт кўникмаларига ҳамда назарияни амалиётда қўллашга урғу бериш зарур. Шунингдек, талабаларга ўқишни тугатгунга қадар компанияларда ҳақиқий иш тажрибасини тўплаш имкониятини берадиган стажировка ва амалиёт дастурларини ишлаб чиқиш муҳим.

 

▪️ Иш берувчилар ходимлар учун ички ўқув ва ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиши, шу билан бирга, ташқи курслар ва тренингларда иштирок этишни рағбатлантириши мумкин. Бунинг ичига онлайн курслар ва мустақил таълим платформаларида ўқишни ҳам киритиш мумкин.

 

▪️ Рақобатбардош меҳнат шарт-шароитлари билан бир қаторда, ижтимоий ва тиббий имтиёзларни ўз ичига олган таклифлар иш берувчининг салоҳиятини ошириши мумкин.

 

▪️ Иш берувчилар бўлажак кадрларни бозор талабларига тайёрлаш учун олий ўқув юртлари билан фаол ҳамкорлик қилиши лозим. Бу ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар, қўшма дастурлар ва иш берувчиларнинг ўқув жараёнларида иштирок этишини ўз ичига олиши лозим. Нодавлат ташкилотлар ёш кадрларни тайёрлашда муҳим роль ўйнайди, улар қўшимча ўқув дастурлари ва ресурсларни таклиф қилиши мумкин.

 

▪️ Ёш мутахассислар ўзларини қадрли ва эътиборга лойиқ деб ҳис қилишлари учун ижобий корпоратив маданиятни шакллантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

«Ушбу тавсиялар Ўзбекистондаги иш берувчиларга ёш кадрлар салоҳиятидан самарали фойдаланишда ёрдам беради, уларни замонавий меҳнат бозори талабларига тайёрлайди», дейилади мақолада.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

08:27 / 12.03.2025 0 5
Тошкентда зилзила қайд этилди

//