«Навоийни англаш» мавзусида республика танлови ўтказилади

Сақлаш
10:31 / 10.02.2025 41 0

Президент қарорига кўра, Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятида 2025 йил «Алишер Навоий йили» деб номланади.

 

Шунингдек, ҳужжат билан Алишер Навоий ижодий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида «Алишер Навоий йили»ни юқори даражада ўтказиш бўйича республика комиссияси ҳамда чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

 

Унга биноан, Алишер Навоий меросини ўрганиш ишларини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида юртимиз ва чет элларда тизимли асосда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, ушбу мавзуда янги илмий, бадиий ва оммабоп асарлар яратиш, хориждаги навоийшунос олим ҳамда ижодкорларнинг асарларини ўзбек тилида нашр этиш чораларини кўриш Республика комиссиясининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

 

Бундан ташқари, энди «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» анъанавий халқаро симпозиуми ва навоийхонлик тадбирлари юқори савияда ўтказилади.

 

Навоий давлат университетида эса 2025 йил 10–15 октябрь кунлари «Алишер Навоий илмий-адабий меросининг умумбашарият маънавий ва маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилади.

 

Қарорда «Ҳазрат Навоийни англаш – ўзлигимизни англаш» мавзусида республика танловини ҳам ўтказиш белгиланган бўлиб, шу билан бирга, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда «Навоийхонлик кечалари» ташкил қилинади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//