Малайзиянинг ислом санъатига оид нодир коллекцияси Ўзбекистонда намойиш этилади

Сақлаш
11:35 / 06.02.2025 7 0

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар беришича, Ўзбекистонда Малайзия Ислом санъати музейининг ноёб экспонатларини намойиш этишга бағишланган махсус кўргазмалари ташкил этилади. Кўргазмада мамлакат тарихи билан боғлиқ ноёб ислом маданияти асарлари намойиш этилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни расмий ташрифи доирасида Куала-Лумпурдаги Малайзия Ислом санъати музейига ташриф буюрди.

 

Ушбу музей Жануби-Шарқий Осиё марказида жойлашган ва ислом санъати меросини ўрганиш ҳамда асраб-авайлашга йўналтирилган. Музей 1998 йилда Малайзиянинг «Ал-Бухорий» жамғармаси кўмагида ташкил этилган бўлиб, унинг умумий майдони 300 минг квадрат метрни ташкил этади.

 

Ўзбекистон Президенти Малайзия Ислом санъати музейида сақланаётган ноёб артефактлар, хусусан, мамлакатимиз тарихи билан боғлиқ маданий мерос намуналари, қадимий қўлёзмалар, бетакрор миниатюралар ва тарихий ашёлар билан танишди.

 

Шунингдек, музейда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

 

Ташриф давомида Ўзбекистон Президенти музейнинг ноёб экспонатларини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида намойиш этиш бўйича таклиф билдирди. Бу таклиф Саид Муҳаммад Бухорий томонидан илиқ қарши олинди ва катта мамнуният билан қабул қилинди.

 

Малайзия Ислом санъати музейи директори мазкур музей кўргазмасининг иккинчи босқичини Имом Бухорий мажмуасида ташкил этиш таклифини ҳам қўллаб-қувватлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//