Ўзбекистонлик олимларга 100 мингдан ортиқ ноёб китобдан фойдаланиш имконияти яратилди

Сақлаш
18:18 / 04.02.2025 9 0

Икки мамлакатнинг ислом цивилизациясини ўрганишга ихтисослашган етакчи тадқиқотчилари ва экспертларини бирлаштирадиган қўшма Ўзбекистон-Малайзия илмий жамияти ташкил этилади. Бу ҳақда Куала-Лумпурда бўлиб ўтган «Маданий мерос: Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўприк» мавзусидаги халқаро давра суҳбатида маълум қилинди.

 

Маълум бўлишича, ташкилотга Ўзбекистон томонидан Ислом цивилизацияси маркази, Малайзия томонидан эса Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти раҳбарлик қилади.

 

Экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши арафасида бўлиб ўтади.

 

Жамиятнинг асосий вазифаларига қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва нашрлар, таълим ва маданий ташаббусларни ташкил этиш, академик тажриба ва ресурслар алмашиш, шунингдек, ислом мероси масалалари бўйича халқаро мулоқотни ривожлантириш киради.

 

Жамиятнинг координаторлари этиб Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори – доктор Фирдавс Абдухолиқов ва Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти директори – доктор Абдулазиз Бергут сайланди.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг ислом маданиятини асраб-авайлаш ва буюк алломалар меросини ўрганишга қўшган ҳиссасини қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбирда Малайзия томони ўзбекистонлик тадқиқотчиларга 100 000 дан ортиқ қўлёзма ва нодир нашрлардан электрон фойдаланиш имконини берувчи махсус сертификат тақдим этди.

 

Малайзия Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти кутубхонасининг сертификати ва рақамли калити Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорига тантанали равишда топширилди. Имом Мотуридий, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларига ҳам рухсат берилди.

 

Давра суҳбати давомида Ўзбекистон томони икки томонлама илмий, таълим ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Малайзия Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро марказлар ўртасида радикализмнинг олдини олиш бўйича махсус дастур доирасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш таклиф этилди.

 

Маданият соҳасидаги ташаббуслар эса Малайзия Ислом санъати музейида Ўзбекистоннинг тарихий ёдгорликлари ва топилмаларига бағишланган фотокўргазма ташкил этишни, мамлакатнинг тарихий-маданий мероси билан танишиш мақсадида Малайзиянинг диний ва таълим ташкилотлари вакиллари, журналистлар ва жамоат арбоблари учун Ўзбекистон бўйлаб медиа-тур ўтказишни ўз ичига олади.

 

Таълим соҳасида малайзиялик олимларни Имом Бухорий ва Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендиялар дастурларига жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Малайзия халқаро ислом университети ўртасида қўшма таълим дастурини ишлаб чиқиш, жумладан, Visiting Professor дастури бўйича ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг Малайзия олий ўқув юртларида иштирокини таъминлаш таклиф қилинди.

 

Илмий соҳада Малайзия Ислом маданияти институти ва Имом Бухорий номидаги марказ ўртасида мусулмон олимларининг тиббиёт соҳасидаги илмий меросини ўрганиш ва қайта тиклаш ҳамда Имом Бухорий меросини тадқиқ этиш таклиф этилди.

 

Шу билан бирга, маънавий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида малайзиялик диндорларга Ўзбекистондаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконини берувчи «Умра плюс» махсус зиёрат дастурини ишга тушириш таклиф этилди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//