Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беришнинг янги тизими яратилади

Сақлаш
15:31 / 04.02.2025 4 0

Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлиги оширилади. Бу бўйича Президент Фармони қабул қилинди.

 

Унга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ажратишда, тажриба-синов тариқасида, ижарага олувчиларнинг мустақиллиги ва юқори қўшилган қийматга эга экинлар етиштиришга асосланган янги тизим яратилади.

 

Янги тизим доирасида:

▪️ ер участкалари контурлар яхлитлиги ва суғориш тизимини бузмаган ҳолда 3 гектардан 50 гектаргача бўлган ўлчамларда «Э-аукцион»да савдоларга чиқарилади;

 

▪️ электрон онлайн аукцион савдоларида яшаш жойидан, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, бошқа ер участкаси бор ёки йўқлигидан қатъи назар, барча жисмоний ва юридик шахслар (резидентлар), шу жумладан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар иштирок этиши мумкин.

 

Янги тизим доирасида электрон онлайн аукцион ғолиби — ижарага олувчи Ер кодексида белгиланган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар билан бирга қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади, жумладан:

▪️ ер участкасидан 49 йил ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш;

 

▪️ қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари, навлари ва ҳажмларини мустақил равишда белгилаш;

 

▪️ ер участкасини иккиламчи ижарага бериш;

 

▪️ дала четида 20 сотихдан кўп бўлмаган, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи объектларни жойлаштириш.

 

Шунингдек, ҳужжатда ёзилишича, ер участкаларини ажратиш ишлари 2025 йил 1 мартгача тўлиқ якунланади.

 

Янги тизим биринчи босқичда 2025 йил баҳорги экиш мавсумигача белгиланган ҳудудларда туман ҳокимликлари тасарруфида турган, 2025 йил ва ундан кейинги йиллар ҳосили учун пахта ва ғалла экинларини етиштириш назарда тутилмаган бўш турган ер участкаларида жорий этилади.

 

Янги тизим самарадорлигини мунтазам равишда таҳлил қилган ҳолда, заруратга кўра, уни 2025 йилги кузги экиш мавсуми ва ундан кейинги даврларда бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этиш бўйича таклиф киритиб борилади.

 

Бунда «Қишлоқ хўжалигида ер ислоҳотларини амалга ошириш лойиҳа офиси» ҳамда белгиланган ҳокимликлар ҳузурида «Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси» давлат корхоналари ташкил этилади.

 

Органик маҳсулотлар етиштириш учун эса Global G.A.P, GMP, FSCC, HACCP, Halal, Organic ва бошқа халқаро даражада тан олинадиган сертификатларни олган деҳқон, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига ижарага берилган ер участкалари учун 2028 йил 1 январгача ер солиғи 50 фоиз миқдорида тўланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//