Жамият
31 январь куни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов бошчилигида вазирлик идоралари ва нодавлат ташкилотларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлари билан учрашув ўтказилди.
Йиғилишнинг биринчи қисми 2024 йилда амалга оширилган ишлар таҳлили ва 2025 йилга мўлжалланган режаларга бағишланди. Отабек Ҳасанов мактаб ва университетларда тадбир ва маънавият сўзлари синонимга айлангани ҳақида гапириб, тадбирлар бўйича рақамларга тўхталди.
“Фақат тадбирлар билан инсон маънавиятли бўлиб қолмайди. Яқинда 200 та ОТМ талабалари ўртасида сўровнома ўтказганимизда маънавият ўзи нима, деган саволга аксарият талабалар “тадбир” деган жавоб ёзиб беришди. Маънавиятни шу даражага олиб тушиб қўйибмиз. ОТМлар бизга “2024 йилда 130 мингта тадбир ўтказилди, деб мақтаняпти. Бу дегани ҳар 3 кунда тадбир бўлганини билдиради. Ўқувчилар тадбирдан ортиб, қачон ўқийман, қачон ўз соҳамда ривожланаман, деб дод деяпти. Яъни, баъзи бир тадбирларнинг фойдалилик коефиценти 0 га тенг”.
Раҳбарлар ўзгарса, жамият ҳам ўзгаради
Вазирлик-идоралар бўйича “Ҳар бир давлат хизматчиси – маънавият тарғиботчиси” ғояси асосида реал ҳолатлар таҳлил қилинар экан, Ҳасанов юқоридаги ҳолат такрорланмаслиги учун нима қилишимиз керак, деган саволни ўртага ташлади.
Ҳасановга кўра, Ўзбекистонда 4000 нафар раҳбар бор. Агар биринчи раҳбарнинг ўзини дунё қараши ва маънавияти яхши бўлмаса, ташкилот муҳити ҳам ўзгармайди. 4000 нафар раҳбар 118 минг нафар давлат фуқаролик хизматчисини бошқаради. Улар эса 2,5 миллион давлат хизматчисини бошқаради. Давлат хизматчиси – милициядан то ободонлаштириш ходимигача бўлган, давлатдан ойлик оладиган ҳамма. 2,5 миллионни қариндошларини боғлаганда улар 17 ярим миллион одамга таъсир қилади. Бир сўз билан айтганда, 4000 нафар раҳбарнинг дунё қараши ўзгариб, жамоавий муҳитни ўзгартирса, улар деярли бутун жамиятга таъсир ўтказа олади. Демак, учрашувга 118 минг нафар инсонга таъсир қилоладиганлар йиғилган ва улар орқали жамиятни ижобий томонга ўзгартириш мумкин. Лекин бунинг учун биринчи навбатда раҳбарларнинг ўзини дунёқараши ва маънавияти ўзгариши зарур.
Давлат хизматчиларининг театрларга ташрифи платформалар орқали баҳоланади
Маданият вазирлиги 41 та театрдан олган давлат хизматчиларининг спектаклга тушишига оид таҳлил натижаларига кўра, улар 1 йил давомида айрим вазирлик ва идорадан биронта давлат хизматчиси театрга бормаган.
“Менга энди театрга борганингизнинг ҳисоботи керакмас, ҳисобот бермайсизлар. Сизларни оддий платформада баҳолаб борамиз. Қачон, қайси давлат хизматчиси театрга борганини 41 та театрнинг ўзидан оламиз. Бунинг учун оддий QR-код ўрнатилади. Телефон билан сканер қилиниши орқали қайси ташкилотдан ким келганини билиб оламиз. Музейлар билан ҳам худди шундай” – дейди Ҳасанов.
“Энг маънавиятсиз вазирликлар” рейтинги юритилади
Отабек Ҳасанов Марказ томонидан 4 йилдан буён “Энг намунали вазирлик” танлови ўтказиб келинаётгани, 2024 йилда 25 та вазирлик, идора ва ташкилотлардан бор йўғи 17 таси иштирок этган.
“Чунки у ихтиёрий эди. Қолганлар қатнашмаган, чунки қўрққан. Лекин бундан буёғига хоҳиш бўлмайди, ҳамма қатнашади! “Энг маънавиятсиз вазирлик” деб номланган рейтинг эълон қиламиз. Уни барча тармоқларда айлантириб, маънавиятсиз вазирликда аҳвол шундай экан, деган статус берамиз. Шу билан бирга, энг маънавиятли вазирлик деб ҳам эълон қиламиз. Бу йил хоҳиш-истакларингизни ҳисобга олмаймиз. Унда ҳамма қатнашади” – дейди Ҳасанов.
Марказ раҳбари бу ерга шунча ишдан озод бўлиб, фақат бир-биримизни мақташ учун эмас, ўрганилган таҳлилларнинг танқидий натижалари муҳокамаси учун йиғилганини таъкидлади.
“...Транспорт вазирлигига маънавият умуман муҳим эмасми? Ҳалигача стюардессаларингиз ўзбек тилини яхши билмайди. Аэропортга чиқсангиз, ўзбек тилида фильмлар ва маълумотлар сони жуда кам бошқа тилларга нисбатан. Сизлар эса 4 йилдан буён умуман иштирок этмайсизлар – деди Ҳасанов 4 йилдан буён маънавият тадбирларида иштирок этмаётган вазирлик ва идораларни санаб, Транспорт вазирлигидан келган вакилга қарата.
Суҳбат давомида вазирлик ва идораларда маънавият соҳасига оид аниқланган муаммо ва камчиликлар рақамларда кўрсатилди. Унга кўра, 9 та вазирлик ва ташкилотларда маънавият ва маърифат кенгашлари тузилмаган ёки фаолият юритмаяпти. 13 та вазирлик ва идораларда маънавий-маърифий ишлар учун масъул ходимларнинг малакаси оширилмаган. Иш режаси мавжуд эмас. 13 та ташкилотда кутубхоналар “номига” мавжуд, ёки улардан бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда. 7 та ташкилотда давлат тилида ҳужжатлар юритишда камчиликлар мавжуд. 10 та ташкилотда “Маънавият ва маърифат” хонаси мавжуд эмас ёки жиҳозланмаган. 5 та вазирлик ва идораларда хизматчиларнинг этика ва кийиниш маданиятига риоя этмаслик ҳолатлари қайд этилган.
Йиғилишда ташкилотлардаги ижобий натижаларга ҳам тўхтаб ўтилди. Унга кўра, танловда 1-ўрин эгаллаган Қишлоқ хўжалиги вазирлигига дамас автомобили берилиб, кутубхона ташкил этилган. Олмалиқ-кон металлургия комбинати ишчилари бўш вақтида дам оладиган жойида кичик кутубхона-будка ташкил этилиб, у ерда Жадид газетаси, Тафаккур журнали мавжудлиги, ҳатто, тамаки чекиш учун алоҳида жойларда ҳам китоблар борлиги алоҳида эътироф этилди.
“Кўриб, қойил қолдим. Улар инженер, техник соҳада ишлайди. Уларни ҳеч ким мажбурламаса ҳам мутола учун вақтини ажратяпти. Лекин гуманитар ёки бошқа соҳада фаолият юритадиганларда бунга кўзингиз тушмайди” – дейди Ҳасанов.
Шунингдек, 2024 йилнинг август-ноябрь ойларида 35 та вазирлик идораларини ишчи гуруҳ ўрганган. Аниқланишича, Прокуратура тизими хизматчилари компьютерини ҳар куни 5 та саволга жавоб бериш орқалигина ёқа олади. Саволлар мамлакатдаги сиёсий янгиликлар билан боғлиқ бўлиб, бьир кун аввал кечқурун тизимга киритилади.
Учрашув давомида Отабек Ҳасанов юқоридаги муаммолардан келиб чиққан ҳолда, жамиятнинг онгини ва маънавиятини янада ошириш, китобхонлик ва маданий ҳордиқ маданиятини юксалтиришга қаратилган бир қатор таклифларни санаб ўтди. Хусусан, театр, кино ва музейларга жамоавий ташрифларни ташкил этиш, миллий тарих ва қадриятларни тарғиб қилувчи асарларга эътибор қаратишни кучайтириш тавсия этилди.
Жамоада “гуруҳбозлик“ каби иллатларни олдини олиш чораларини кўриш, ижтимоий тармоқларда маънавий-маърифий тарғиботни кучайтириш, расмий ахборот манбаларига ходимларнинг кириш имкониятларини кенгайтириш таклиф этилди. Ташкилот ходимларининг кийиниш маданиятини тегишли нормаларга мослаш мақсадида, давлат хизматчиси этикаси ва кийиниш маданияти бўйича тренинг ва маърузалар ташкил қилиш, кийиниш одобига риояни назорат қилиш тавсия этилди.
Бундан ташқари, “Маънавият ва маърифат” хонаси, махсус кутубхона ва мутолаа бурчакларини ташкил этиш, “Маънавий-маърифий ишларни энг яхши йўлга қўйган ташкилот” танловини ўтказиш, вазирлик ва идоралар учун маънавий-маърифий ишлар бўйича тавсия-қўлланма тайёрлаш ҳамда тадбирбозлик тизимидан ғоявий, мафкуравий тарғибот тизимига ўтиш таклиф қилинди.
Шунингдек, “Маънавият марафони”ни ташкил қилиш, 2025 йилдан бошлаб вазирлик ва идораларда маънавий-маърифий ишлар ҳолати бўйича рейтинг жорий этиш ва “Шахсий ривожланиш дастури”ни ишга туширишни босқичма-босқич татбиқ этиш ғояси илгари сурилди.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ