Картошка импорти уч йилга божхона тўловидан озод қилинади

Сақлаш
17:23 / 30.01.2025 13 0

 

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича йиғилиш ўтказди.

 

Омилкорлик ва таркибий ўзгаришлар туфайли қишлоқ хўжалиги майдонларидан мўл ҳосил олинмоқда. Шу билан бирга, бошқа ерларни ҳам «иқтисодий актив»га айлантириш, одамларни ишли қилиб, даромадини ошириш чоралари кўрилаяпти.

 

Масалан, 5 миллиондан зиёд хонадонда 508 минг гектар томорқа, аввал ташкил этилган деҳқон хўжаликларида 17 минг гектар ва сўнгги йилларда аҳолига тарқатилган 260 минг гектар ер бор. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда энг катта захира.

 

Ўтган 7 йилда томорқа эгалари ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун жами 2,3 триллион сўм имтиёзли кредит ва 265 миллиард сўмлик субсидия берилган. Одамларнинг кўникмасидан келиб чиқиб, 5 145 та маҳалла мева-савзавот етиштириш, кўкатчилик, лимончилик каби йўналишларга ихтисослаштирилган.

 

 

Энг асосийси, одамлар ерга ишлашни, замонавий агротехнологияларни қўллашни яхши ўрганди. Илгари томорқада гектаридан ўртача 18 тонна маҳсулот олинган бўлса, ҳозирда бу 2 карра ошиб, 38 тоннага етди.

 

Маҳаллаларда қўшимча 470 минг тонна мева-сабзавотни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватлари яратилди. Бу борада яхши тажриба яратган туман ва маҳаллалар жуда кўп. Асака, Жондор, Шаҳрисабз, Уйчи, Қизилтепа, Янгийўл, Тойлоқ, Ангор, Қува, Олтиариқ каби ўнлаб туманларда одамлар томорқадан 2-3 марта ҳосил олиб, бир сотихдан ўртача 15-20 миллион сўм даромад топаяпти.

 

Бундай ишларни бошқа жойларда ҳам ривожлантириш учун аҳоли, қайта ишловчилар ва экспортчиларнинг таклифлари ўрганилди.

 

Масалан, самарқандлик боғбонлар узум кўчатини шпалерга ўтказиш учун субсидия беришни сўраган. Бундай усулда ҳосил 2 карра ошади. Бу қўллаб-қувватланиб, ҳар бир шпалер учун 15 минг сўмгача субсидия ажратиладиган бўлди. Шунингдек, майизни осма усулда қуритиш ускуналари учун оилавий тадбиркорлик дастури доирасида имтиёзли кредит берилиши айтилди.

 

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Тасмасой маҳалласида 875 та хонадон томорқасида цитрус мева кўчати ва лимон етиштириб, ҳар бири йилига 200 миллион сўмгача даромад олаяпти. Сариосиё ва Олтинсойдаги мингдан зиёд хонадонлар ҳам «ҳандак» ва «термос» усулида лимон етиштириш ташаббусини билдирган.

 

Янгийўллик деҳқонлар ҳам ўзимизнинг кўкат уруғлари йўқолиб кетгани, сифатли нав етишмаслигини айтган. Булар бўйича вазиятни ўнглаш, аҳоли ташаббусларини амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

 

Давлат раҳбари томорқа ва деҳқончилик ерларида юқори даромадли ва экспортбоп экинлар экиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва молиялаштириш бўйича янги ташаббусларни маълум қилди.

 

Яна бир янгилик – Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаларига кредит ажратишда гаров талаб қилинмайди. Бунда суғурта полисининг ўзи етарли бўлади. Деҳқонларга ортиқча ҳужжатларсиз имтиёзли кредит берилади.

 

Ердан самарали фойдаланиб, бир сотихда 5 миллион сўмдан юқори расмий даромад олаётган деҳқонларга ер солиғининг 90 фоизи «кешбек» сифатида қайтариб берилади. Аксинча, томорқасига экин экмаганлардан ер солиғи оширилган миқдорда ундирилади.

 

Бу йил картошкачиликни ривожлантириш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 400 миллиард сўм йўналтирилади. Четдан олиб келинадиган уруғлик картошка уч йилга божхона божидан озод қилинади. 2027 йилдан картошкага эҳтиёж тўлиқ ички имконият ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.

 

Йиғилишда давлат раҳбари ҳудудлардаги уста деҳқонлар ва томорқа эгалари билан мулоқот қилди. Улардан бири – ҳовлисидаги иссиқхонада йилига 4 марта ҳосил олиб, юқори даромад топаётган қорақалпоғистонлик Генжимурат Турдимуратов «Дўстлик» орденига лойиқ кўрилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//