Ўзбекистонда февраль ойида қандай об-ҳаво кузатилади?

Сақлаш
16:00 / 30.01.2025 15 0

Республика ҳудуди бўйича биринчи ўн кунлик охирида асосан ёмғир ёғади.

 

Ушбу давр бошида ҳаво ҳарорати кечалари 0…-5 даража, кундуз кунлари +3…+8 даража атрофида бўлади. 6−7 февраль кунларига келиб нисбатан илиқлашади. Кундуз кунлари ҳаво +12…+15 даражагача, шимолда +5…+8 даражагача исийди.

 

Кейинчалик, ойнинг охиригача, ҳарорат кечалари +2…+7 даражадан −3…−8 даражагача, кундуз кунлари +10…+15 даражадан 0…+5 даражагача бўлади. Шимолда кечалари −2…+3 даражадан −8…−13 даражагача, кундуз кунлари +5…+10 даражадан 0…-5 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

 

Республика ҳудуди бўйича биринчи ўн кунлик охирида асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда 2−3 кундан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кутилмоқда.

 

Февраль ойида республика ҳудуди бўйича ойлик ёғингарчилик миқдори ўртача кўп йиллик қийматлардан кўп бўлмайди.

 

Ўтган йилларда февраль қандай бўлган?

 

Иқлим маълумотларига кўра, февраль ойи январь ойига нисбатан ўртача 2−2,5 даражага, тоғларда 1−1,5 даражага илиқроқ бўлади. Аммо қиш ойларининг об-ҳавоси бир хилликка мойил эмас ва турли йилларда Ўзбекистонда февраль ойлари ҳар хил бўлган.

 

Ушбу асрда умуман олганда 2004, 2016 ва 2021 йилларнинг февраль ойлари энг илиқ ойлар бўлиб, ўртача ойлик ҳарорат иқлимий меъёрдан 3−6 даражага юқори бўлган. Ушбу йилларда энг илиқ даврларда ҳаво ҳарорати +22…+27 даражагача, жанубда +28…+30 даражагача кўтарилган. Бундай шароитлар баҳор фаслининг ўрталарига хосдир.

 

Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун февраль ойидаги максимал ҳароратнинг мутлақ рекордлари республика ҳудудининг катта қисмида 2016 ва 2021 йилларда кузатилган.

 

Аммо энг илиқ йилларда ҳам февраль ҳали ҳам қиш ойи эканлигини унутмайди. Кўпинча ҳавони жадал исишидан сўнг қисқа муддатга қишки совуқлар қайтади. Шундай қилиб, 2021 йилнинг февраль ойида аномал илиқ об-ҳаводан (меъёрдан 8−13 даражага юқори) сўнг, ойнинг охирги ҳафтасида ҳаво ҳарорати −10…−15 даражагача пасайган эди, дейилади ҳисоботда.

 

Мазкур асрда энг совуқ даврлар 2008, 2012 ва 2014 йилларнинг февраль ойларида кузатилган бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 4−8 даражага паст бўлиши кузатилган. Республика ҳудудининг катта қисмида минимал ҳаво ҳарорати −12…−17 даражагача, шимолда −24…−29 даражагача пасайган.

 

Бироқ бу совуқлар кузатувларнинг тарихий қатори учун энг паст қийматларга нисбатан (ҳудудларнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати −23…−28 даражагача, Қорақалпоғистонда −30…−32 даражагача, Устюртуда −38…−40 даражагача пасайган) анча кучсизроқ бўлган. Фақат Сурхондарё вилояти бўйича минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекорди ушбу асрга тегишли. 2014 йил февраль ойида ҳарорат −20…−22 даража совуққача пасайган эди.

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда февраль ойлари илиқроқ бўлди.

 

Иқлим маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида февраль ойи куз-қиш даври учун ёғингарчилик энг кўп кузатиладиган ойдир. Шунга қарамай, февраль ойи ёғингарчилик миқдори, ҳамда ҳарорат тартиби бўйича ҳам турли хил бўлади.

 

Ушбу асрда 2016 йилнинг февраль ойи энг қуруқ бўлиб, барча ҳудудлар бўйича ёғингарчилик ойлик меъёрнинг 20 фоиздан кам бўлган. Ҳудуднинг катта қисмида 2010 йил февраль ойида ёғингарчилик энг кўп бўлиб, ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан 200 фоиздан 300 фоизгача бўлган эди.

 

Текислик ҳудудлар бўйича февраль ойида ёғингарчилик тез-тез аралаш кўринишда (ёмғир, қор) кузатилади, лекин қор қоплами камдан-кам ҳолларда шаклланади ва 2−5 кундан кўп сақланиб турмайди.

 

Ушбу асрда қор қоплами энг узоқ кузатилган давр 2008 йил февраль ойида қайд этилган. Республиканинг марказий ҳудудлари бўйича қор қоплами кузатилган кунлар сони 20−25 кунни, жанубий вилоятларда 8−15 кунни ташкил этган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//